Жамият
Сўнгги пайтларда ёшлар орасида чилим чекиш тобора оммалашиб бормоқда.
Мазкур одатга ружу қўйган аксарият йигит-қизлар уни саломатлик учун мутлақо зарарсиз деб ўйлайди. Бироқ, бу бўйича тадқиқот ўтказган олимлар чилимнинг соғлик учун ўта хавфли эканини аниқлашган.
“Чилим – бу, тамаки ҳамда таркибида тамаки бўлмаган маҳсулотларнинг туташи ёки қиздирилиши натижасида ҳосил бўладиган тутунни нафас орқали ютишга мўлжалланган мослама бўлиб, аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш орқали (чилим сувдонидан) ўтади. Афсуски, сўнгги пайтларда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам бу иллатга ружу қўйганлар сони ортиб бормоқда. Ваҳоланки, у наркоманиянинг енгил кўриниши бўлиб, инсонда никотинга кучли қарамликни келтириб чиқаради”, дейди тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров.
Мутахассиснинг айтишича, чилимнинг зарари сигарета чекишдан асло кам эмас. Унинг тутуни таркибида канцероген моддалар (нитрозаминлар, полициклик ароматик углеводородлар, учувчан альдегидлар, жумладан, формальдегид ва бензол) ҳамда азот оксиди ва оғир металлар каби заҳарли моддалар мавжуд.
Бундан ташқари, чилим кўмири ёқилганда кўп миқдорда углерод оксиди (ис гази) ва канцерогенлар ажралиб чиқади. Ушбу заҳарли моддалар чекувчиларда юрак ва ўпка касалликлари ҳамда саратон хасталикларини келтириб чиқаради.
Таъкидланишича, оддий тамаки чекувчиларга қараганда чилим чекувчиларга заҳарли ис гази кўпроқ таъсир қилади.
Ўтказилган тадқиқотлар натижасида бу иллатга қарам бўлганларда юрак уриши, қон босимининг ошиши ва бошқа хавфли ўткир юрак-томир таъсирлари, ўпка функцияси бузилишлари ва яллиғланишлари, физиологик ҳимоянинг пасайиши, ис гази таъсиридан ҳушдан кетиш ва ўткир заҳарланишлар кузатилиши аниқланган.
Шунингдек, у оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, ошқозон ва сийдик пуфаги саратони, ўпка сурункали обструктив касалликлари, инсульт, сурункали ринит, эркаклар бепуштлиги, меъда-қизилўнгач рефлюкси ва руҳий бузилишларга ҳам дучор қилади.
Шу сабабли ҳам мутахассислар чилим чекишдан тийилишни, ота-оналар эса фарзандларини бу одатнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилишни тавсия этади.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ