«Бошқаларнинг бош суқиши, ички ишларимизни ҳал қилишга уринишига асло ҳожат йўқ» – Отабек Хасанов

Сақлаш
20:14 / 26.09.2024 66 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари мактабда ўқувчининг калтакланишига ҳамда Россия ТИВ вакилининг бу борадаги баёнотига муносабат билдирди.

 

23 cентабрда Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 188-мактабда рус тили фани дарсида ўқитувчи ўқувчини калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалганди. 25 cентабрда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ҳолат бўйича Ўзбекистондан тушунтириш сўралганини маълум қилди.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Хасанов бўлиб ўтган воқеалар юзасидан фикр билдириб, бу ҳолатда ўқитувчини оқлаб бўлмаслигини, бу бола ҳуқуқларига зид, қадриятларимизга бегона хатти-ҳаракат эканини таъкидлаган.

 

«Лекин бир нафар ўқитувчининг вазиятдаги руҳий ҳолати сабаб қилган ҳаракатлари мисолида 100 мингдан ортиқ педагогларимизга, миллат тарбиячиларимизга баҳо бериш ҳам нотўғри.

 

Айниқса, вазиятни мураккаблаштириш, ҳолатдан миллий низоларни уйғотишга урунаётганлар бизга яна бир бор даврнинг ғоявий таҳликаларга тўлалигини эслатмоқда.

 

Зеро, аввало, мустақил, ҳуқуқий-демократик, дунёвий давлатмиз. Ёши, миллати, дини, касбидан ва бошқа ҳолатидан қатъий назар қонун ҳаммани ҳимоя қилади, ҳуқуқларни бузганни жазолайди», дея ёзган Хасанов.

 

Марказ раҳбари, Ўзбекистонда катта-катта масалалар ҳам халқ билан бирлашиб, фикрлашиб ҳал қилиб келинаётгани, мазкур вазият ҳам ички иш эканлиги, бошқаларнинг бош суқиши, ички ишларни ҳал қилишга уринишига асло ҳожат йўқлигини қайд этган.

 

«Бизнинг давлатда 130 дан ортиқ турли миллат ва элатлар билан ҳар доим, ҳозиргидек иноқ, тинч, бирлашиб бир Ўзбекистон бўлиб ҳаракат қилиш, мақсадларга етишда бу каби «фикр берувчи», «йўл кўрсатувчи»ларга асло эҳтиёжимиз йўқ», деган масъул.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//