«Қизларга ҳам автомобиль берилмаганидан хафаман» – шахмат Олимпиадаси совриндори Нодира Нодиржонова

Сақлаш
22:23 / 24.09.2024 88 0

Будапештда бўлган шахмат Олимпиадаси иштирокчилари 24-центабр куни Тошкент аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Маросимда умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаган эркаклар жамоаси аъзоларига автомобиллар совға қилинди. Олимпиадада кумуш медаль олган Нодира Нодиржонова бунга ўз муносабатини билдирди.

 

Венгрия пойтахти Будапештда бўлган 2024 йилги шахмат Олимпиадасида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 24-центабр куни Тошкентда тантанали кутиб олинди.

 

Ўзбекистоннинг эркаклар жамоаси 189 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, тахталар кесимида Шамсиддин Воҳидов олтин, Нодирбек Абдусатторов эса кумуш медаль эгасига айланди.

 

 

Ўзбекистоннинг аёллар жамоаси эса ўзининг аввалги натижаси (19-ўрин)ни яхшилаб, 169 мамлакат орасида 12-ўринни эгаллади. Шунингдек, Нодира Нодиржонова эса ўз тахтасида иккинчи энг яхши натижани қайд этиб, кумуш медаль эгасига айланди.

 

Тошкент аэропортида бўлиб ўтган тантанали кутиб олиш маросимида шахмат Олимпиадасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаган Ўзбекистон эркаклар жамоасининг ҳар бир аъзосига BYD Чазор автомобили совға қилинди.

 

Аёллар терма жамоаси аъзоси, ўз тахтасидаги натижаси бўйича кумуш медаль эгасига айланган 34 ёшли Нодира Нодиржонова тантанали маросимдан сўнг журналистларга берган интервьюсида мусобақа унинг учун осон кечмаганини таъкидлади.

 

«Бу Олимпиада мен учун қийин кечди. Чунки оилам бор, фарзандли аёлман. Бу менинг олтинчи Олимпиадам ва бунисида кумуш медални қўлга киритдим. Европа, Америкадан келган шахматчиларнинг мураббийлари Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини тўлиқ кузатиб, бизга қарши кучли тайёргарлик кўриб дона сурди.

 

Мени тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаган, фарзандларимга қараб турган ойижон ва дадажонга (қайнона ва қайнотасини назарда тутмоқда) миннатдорчилигимни билдираман. Олимпиададан аввал таркибга тушиш ёки тушмаслигим ҳам аниқ эмасди. Ўшанда турмуш ўртоғим: „Нодира, сени қўллайман, охиригача олиб бориш керак. Сен Олимпиадада албатта совриндор бўласан«, деб ишонч билдирган эди. Уларнинг ишончини оқладим ва уларга раҳмат дейман», – деган Нодира Нодиржонова.

 

ОАВ вакиллари шахмат Олимпиадасида қатнашган эркаклар жамоасининг ҳар бир вакилига автомашина берилгани, бу эса аёллар жамоасига, хусусан, Нодира Нодиржоновага қандай таъсир қилгани ҳақида ҳам савол берган. Шахматчи бундай муносабатдан ранжиганини яширмади.

 

«(Шахматчи қизларга автомашина берилмаганидан), албатта, хафаман. (Парижда бўлган) ёзги Олимпиада иштирокчиларини яхши тақдирлашди, паралимпиячиларни ҳам яхши тақдирлашди. Кумуш медални олишим осон бўлмади, бор кучим ва энергиямни бериб, ҳаракат қилдим», – деган у.

 

Маълумот учун, 34 ёшли Нодира Нодиржонова Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги рейтинги энг паст иштирокчи бўлгани учун, шахмат Олимпиадасида бешинчи (захира) тахтада ўйнади. Шунга қарамай, у энг кўп очко олди ва бирорта мағлубиятсиз: 6 ғалаба ва 2 дуранг билан – кумуш медаль эгасига айланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//