Қандай маҳсулотлар қариш жараёнини тезлаштириши маълум бўлди

Сақлаш
20:57 / 23.09.2024 57 0

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари организмда қариш жараёнини тезлаштиради.

 

Жумладан:

▪️ Шакар ва барча шакарли маҳсулотлар — ширинхўрлар навбатдаги десерт билан ўзларини хурсанд қилаётганларида организмда гликация жараёни ишга тушади ва AGE ва RAGE молекулалари тўплана бошлайди. Улар йиғилган жойда эса яллиғланиш жараёни доимий равишда сақланиб қолади ва органларнинг нормал ишлаши бузилади. Шу тарзда “ёшга доир” касалликлар бошланади.

 

Глюкоза оқсиллар ва липидлар билан боғланади. Бу эса терининг эластиклигига бевосита боғлиқ бўлган коллагенга ҳалокатли таъсир кўрсатиб, эрта ажин тушишига олиб келади.

 

▪️ Транс ёғлар — уларнинг асосий манбалари фастфуд ва маргариндир. Бу ёғлар қариш жараёнини тезлаштиради. Чунки улар қон томирларини торайтириб, унинг оқимини бузади. Оқибатда, юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфи сезиларли даражада ортади.

 

▪️ Қаҳва ва кофеинли ичимликлар (энергетиклар) — кофеиннинг кўп миқдори тана ҳужайраларининг сувсизланишига, бу эса моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади. Энергетикларда кофеиннинг таъсири натрий билан янада кўпроқ бўлади. Тери эрта қаришининг олдини олиш учун ҳар қаҳва ичгандан кейин албатта бир стакан сув ҳам ичиш муҳимдир. Энергетик ичимликлардан эса бутунлай воз кечиш тавсия этилади.

 

▪️ Спиртли ичимликлар — уларни мунтазам ичиш жигарга жиддий таъсир қилади. Сабаби, алкоголь ушбу фильтрловчи органда токсинлар тўпланишига, бу эса организмда яллиғланиш жараёнлари бошланиши ва турли касалликларга дучор қилади.

 

▪️ Ўта шўр маҳсулотлар (пишлоқ, пицца (айниқса пепперони), чипс, крекерлар) — туз танадаги сувни ушлаб қолади ва бу ҳужайраларнинг қисқаришига олиб келади. Натижада, сувсизланиш юзага келади. Бу эса, табиийки, қариш жараёнини тезлаштиради.

 

▪️ Қайта ишланган гўшт (колбаса, сосиска ва бекон) — ушбу маҳсулотларда ортиқча туз ва консервантлар мавжуд. Шу туфайли уларни истеъмол қилиш сувсизланишга олиб келади ва яллиғланишни келтириб чиқаради. Шунингдек, мазкур маҳсулотлар сабабли организмда коллаген ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган С витаминининг миқдори камаяди.

 

▪️ Қовурилган картошка — у организмда деярли бир зумда шакарга парчаланади. Бундан ташқари, юқори ҳароратда ёғда қовурилган маҳсулотлар эркин радикалларни чиқаради. Оқибатда, терининг ҳужайра даражасида шикастланиш юзага келади.

 

Шу қаторда, устки қобиғи оч жигарранг бўлгунча қовурилган ёки печда пиширилган барча таомларни ҳам ушбу рўйхатга қўшиш мумкин. Бу иштаҳаочар ранг, юқорида таъкидланганидек, гликация жараёнига бевосита боғлиқ, ҳаттоки бу таомга шакар қўшилмаган бўлса ҳам.

 

Хабарда келтирилишича, узоқ ва соғлом умр кўришни тарғиб қилувчи мутахассислар тез қовурилган ёки буғда пиширилган таомларни истеъмол қилишни тавсия қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//