Ўз қизи томонидан ҳайдалган ота МИБ ёрдамида уйга қайта киритилди

Сақлаш
16:42 / 23.09.2024 55 0

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ҳукмига биноан, фуқарони низоли хонадонга киргизиш ва у ердаги ёрдамчи хўжаликлардан фойдаланиш даъвосини таъминлаш тўғрисидаги ижро варақаси Мажбурий ижро бюросининг Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувига келиб тушди.

 

Ҳужжатга кўра, 70 ёшлардаги отахон қизи томонидан ўзи яшаб турган уйдан чиқариб юборилган.

 

Маълум бўлишича, бундан 6 йил олдин, аёли тириклигида чол ўзи яшаб келаётган 3 хонали уйни қизига ҳадя қилган. Отанинг уйни қизининг номига ўтказиб беришига сабаб, қизнинг оиласи бўлмагани бўлган.

 

Мазкур хонадонда чол ва кампирдан ташқари яна бир ўғил, яъни қизнинг акаси ҳам рўйхатда турган.

 

Бироқ қиз онаси вафот этгач отасини уйдан ҳайдаб чиқарган, ўз акасини эса расман доимий яшаш рўйхатидан ўчириб ташлаган.

 

Аниқлик киритилишича, қизнинг ўз яқинларини кўчага қувишига қандайдир оилавий келишмовчилик сабаб бўлган.

 

МИБнинг Шайхонтоҳур туман бўлими давлат ижрочиси Дилдора Отамирзаеванинг айтишича, эндиликда отахон уйни қизининг номига ўтказиш бўйича берган қарорини бекор қилмоқчи.

 

“(Қарор) бекор қилингач, қизни уй билан таъминлаш ёки уйдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ижро варақаси келса, биз шунга қараб, суднинг кўрсатмасига асосан иш юритамиз” дейди МИБ ходими.

 

Якунда, чол уйга киритиб қўйилган.

 

МИБ ходими, шунингдек, отахоннинг йиғлаганини, у қизи томонидан жонига қасд қилинишидан қўрқаётганини ҳам қўшимча қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//