Энди Ўзбекистон ҳақида номақбул гапирган чет элликлар мамлакатга киритилмайди

Сақлаш
21:16 / 20.09.2024 94 0

Бугун, 20 сентябрь куни ташкил этилган Олий Мажлиснинг 57-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

 

Таъкидланишича, миллий қонунчиликда давлат тинчлиги ва осойишталигига рахна солувчи оммавий чиқишларни содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш назарда тутилмаган. Мазкур норма айнан ана шундай ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш учун ишлаб чиқилган.

 

Унга кўра, бундан буён республика ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати юритилади.

 

Қуйидагиларни содир этиш номақбул деб топилишга асос бўлади:

▪️ Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш;

 

▪️ давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш;

 

▪️ Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш.

 

Хабарга кўра, Вазирлар Маҳкамаси мамлакат ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган шахслар рўйхатини тузади ва уни юритиш тартибини белгилайди. Ташқи ишлар вазирлиги эса рўйхатни юритиб боради.

 

Рўйхатга киритиш Олий Мажлис палаталарининг кенгашлари ҳамда махсус ваколатли идора ва органларнинг тақдимига асосан амалга оширилади.

 

Рўйхатга киритилган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудига белгиланган муддат давомида киритилмайди ва унга нисбатан қатор чекловлар жорий этилади.

 

Жумладан:

▪️ 5 йил давомида Ўзбекистон ҳудудига кирмайди;

 

▪️ республика ҳудудида банк ҳисобварақаларини оча олмайди;

 

▪️ кўчмас мулкни сотиб олиши тақиқланади;

 

▪️ давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок эта олмайди;

 

▪️ молиявий ва шартномавий муносабатларга киришолмайди.

 

Маълумот учун, мазкур қайд этилган тақиқ ва чекловларни қўллашда рўйхатга киритилган шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган хусусий мулкини бегоналаштириши, яъни сотиши ёки ҳадя этиши бундан мустасно.

 

Агар рўйхатга киритилган шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакатда вақтинча турган ёки доимий яшаётган бўлса, унга республика ҳудудида чиқиб кетиши учун 10 кун муддат берилади.

 

Ушбу шахс белгиланган муддат ичида ихтиёрий равишда давлатдан чиқиб кетмаса, ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда депортация қилинади.

 

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг рўйхатда бўлиш муддати 5 йилни ташкил этади ва у рўйхатга киритилиш учун асос бўлган сабабларни ушбу муддат ичида бартараф этадиган бўлса, муддатидан олдин, белгиланган тартибда, рўйхатдан чиқарилиши мумкин.

 

Мазкур қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//