Boxrec.com портали жаҳоннинг энг кучли боксчилари рейтингини эълон қилди

Сақлаш
15:00 / 20.09.2024 60 0

Бокс ва яккакураш турларига ихтисослашган энг нуфузли boxrec.com портали, вазн тоифасидан қатъи назар, жаҳоннинг энг кучли боксчиларининг янги рейтингини эълон қилди, деб хабар берди Спорт вазирлиги.

 

Маълум бўлишича, кучли ўнликнинг ўзига ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарининг 4 нафари киритилган.

 

Жумладан, ҳаваскорлар боксида барча нуфузли турнирларда бир неча маротаба ғолиб бўлган Баҳодир Жалолов рейтингнинг энг юқорисан жой олган. 30 ёшли боксчи фаолияти давомида 124 та расмий учрашув ўтказиб, шундан 109 тасида ғолиб чиққан.

 

Маълумот учун, Жалолов ўта оғир вазн тоифасида Олимпия ўйинларида икки маротаба чемпионликка эришган жаҳон бокси тарихидаги ягона спортчи ҳисобланади.

 

Рўйхатнинг 2-ўринини 24 ёшли Абдумалик Халаков банд қилган. У ҳаваскорлар ўртасида 94 та беллашувдан 80 тасида ғолиб чиққан. Шунингдек, Халаков ёш бўлишига қарамай, амалдаги жаҳон ва олимпия чемпиони саналади.

 

Кейинги поғоналардан Габил Мамедов(Россия, 3-ўрин), Муслим Гаджимагомедов (Россия, 4-ўрин) ҳамда Олександр Хижняк (Украина, 5-ўрин) ўрин олган.

 

Икки карра Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов эса кучлик 10 ликнинг 6-поғонасига лойиқ кўрилган. «Профессор» лақаби билан танилган Дўсматов ўзи иштирок этган 137 та жангдан 124 тасида рақиблари устидан ғолиб чиққан.

 

Таъкидлаш лозим, ҳаваскор боксда у ютмаган соврин қолмаган. Дўсматов 2016 йили Бразилиядаги Олимпия ўйинларида энг зўр техникаси учун берилган Вел Баркер кубогини ҳам ўзида сақлаб келмоқда.

 

Рўйхатнинг 7-ўринини Лазизбек Муллажонов эгаллаган. Унинг ҳисобида 61 та ғалаба ва 11 та мағлубият бор.

 

Муллажонов жаҳон чемпионати совриндори ва Париж Олимпиадасининг оғир вазндаги чемпионидир.

 

Бундан ташқари, кейинги ўнталикни ҳам ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиси Асадхўжа Мўйдинхўжаев бошлаб беради (11-ўрин). 23 ёшли жаҳон ва олимпия чемпиони ҳисобида ҳозирча 53 та ғалаба ва 8 та мағлубият бор.

 

 

Париж Олимпиадаси иштирокчиси, жаҳон чемпиони Руслан Абдуллаев эса умумий рейтингда 17-қаторда бормоқда.

 

Учинчи ўнлик ҳам ўзбекистонлик спортчилар номи билан бошланади. Хусусан, Миразизбек Мирзахалилов ва Мужибулло Турсунов портал экспертлари томонидан 21- ва 22-қаторга лойиқ топилган.

 

Шу билан бирга, ТОП-100 таликка кирган ўзбекистонликлар боксчилар қуйидагилар:

▪️ Саиджамшид Жаъфаров (40-ўрин);

▪️ Тўрабек Ҳабибуллаев (47-ўрин);

▪️ Ҳавасбек Абдуллаев (50-ўрин);

▪️ Жаҳонгир Зокиров (82-ўрин);

▪️ Иқболжон Холдоров (91-ўрин).

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//