Интернет фойдаланувчилари «Yapona Mama» ресторанлар тармоғини ўзбек тилини менсимасликда айблаб, бойкот қилмоқда

Сақлаш
17:04 / 18.09.2024 79 0

Ижтимоий тармоқларда «Yapona Mama» ресторанлар тармоғи ходимлари ўзбек тилида гапиришни билмаслиги ёки хоҳламаслиги ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Жумладан, Meta (Facebook) ижтимоий тармоғи фойдаланувчининг ёзишича, фақат ўзбеклар яшайдиган маҳаллада очилган «Yapona Mama» ресторанида хўрандалар рус тилида гапиришга мажбур қилинган. Гарчи мижозларининг 99.9 фоизи ўзбек бўлсада, улар рус тилида буюртма беришга мажбур.

 

«Ўзбекчани билишни хоҳламайдиган ва менсимайдиган рус ходимларни қўйиб қўйишган. Мижозлар бир амаллаб русча гапириб, буюртма беришяпти», деб ёзади у.

 

 

Шундан сўнг барча ижтимоий тармоқларда мазкур овқатланиш тармоғи ўзбек тилини ҳурмат қилиши зарурлиги бўйича постлар ва изоҳлар ёзила бошланди.

 

«Yapona Mama» ресторанлар тармоғи бунга муносабат билдирар экан, бундай ҳолат кузатилмагани, ходимларнинг аксарияти ўзбеклар экани, ҳар бир меҳмонга юқори хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилганини билдирган.

 

«Миллатимиз ва халқимизнинг барча урф-одатларини ҳурмат қилиш билан бир қаторда, давлат тилини ҳам ҳурмат қилиб келмоқдамиз», деб ёзилади муносабатда.

 

 

Ўзбек тилида гапиришга ундаш тармоқнинг бошқа фойдаланувчиларини ҳам жонлантириб юборди. Бирин-кетин «Yapona Mama» ресторанлар тармоғининг ушбу жойлаган муносабати остига ўзбек тилини билмаган овқатланиш шохобчаларини бойкот қилиш кераклиги ҳақида изоҳлар ёзиб қолдирила бошланди.

 

Масалан, шундай изоҳлардан бирида қуйидагича ёзилади:

 

«Бойкот қилишдан мақсад буларнинг ишини синдириш эмас. Ўзбек тилини ва ўзбек халқини ҳурмат қилсин. Булар бизнесини Ўзбекистонда қиляптими, демак ўзбек тили мажбурий ҳисобланади».

 

 

Яна бир фойдаланувчи эса «Ўзбекистонда Ўзбек тилида сўзлашилар экан, ҳар қандай инсон ҳурмат қилгани яхши. Биз ҳам бошқа давлатларга борганда тилини ҳурмат қиламиз. Ҳурматга – ҳурмат», – дейди.

 

 

Таъкидлаш лозим, «Yapona Mama»нинг Instagram'да жойлаган охирги пости биринчи марта ўзбек тилида бўлди. Бу эса кўпчилик фойдаланувчилар томонидан олқишланди.

 

Изоҳларда, шунингдек, «Bon» қаҳвахоналар тармоғи ҳам ўзбек тилини менсимасликда айбланган ва ушбу тармоқни ҳам бойкот қилишга чақирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//