Ботир Қодиров ва Жўраевлар иши бўйича судьяга туҳмат қилганларга чора кўрилади

Сақлаш
23:09 / 17.09.2024 58 0

Фото: Замин.uz

 

Судьялар олий кенгаши Ботир Қодиров ва Жўраевлар иши бўйича судьяга туҳмат қилганларга чора кўрилишини маълум қилди.

 

Таъкидланишича, «оталик фактини белгилаш»га доир фуқаролик низоси бўйича суд жараёни бошланганидан то ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар керагидан ортиқ муҳокамалар бўлди. Ижтимоий тармоқдаги муҳокамалар суд қарори қабул қилинганидан кейин ҳам давом этиб, энсани қотирадиган даражага етдики, бу ҳақида икки оғиз гап айтишнинг ўзи ортиқча.

 

«Бироқ суддан кейин тарафлар ва уларга хайрихоҳлар ўртасидаги «виртуал мусоҳабаларда» ишни биринчи босқич судида кўриб чиққан судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда», деб ёзилади Кенгаш баёнотида.

 

Маълум бўлишича, блогер Ж. Ҳамраев ижтимоий тармоқ орқали чиқишида даъвогар(Ботир Қодиров)нинг «қўли узун экани» ҳақидаги гапини эслатиб, «…унинг узун қўллари судьягача етиб боргани»ни очиқ иддао қилган.

 

Шунингдек, судья томонидан марҳум санъаткорнинг вафоти санаси нотўғри айтилгани-ю, суд қарорини ўқиш пайтидаги бироз ҳаяжонланганини «бу не кўргилик?!» деган. Хабарда блогер бу ҳаракати билан вазиятни бўрттиришга урингани ёзилади. Энг ёмони эса блогернинг иддаолари иш бўйича жавобгар тараф(Жўраевлар оиласи)нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларида тарқатилаётгани натижасида судьянинг холислиги борасида турли шубҳалар эҳтимолини пайдо қилмоқда.

 

Судьялар олий кенгаши ушбу ишни кўриб чиққан судьянинг ҳукм ўқилиш пайтида ҳаяжонланишини суд жараёни бир неча ой давом этгани, бу даврда тармоқлардаги адоқсиз муҳокамалар, уларда ҳатто тор доирада айтилиши мумкин бўлмаган гаплар баралла айтилиб, кенг оммада турли қарашлар шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилиб бўлгани каби омиллар билан боғлайди. Баёнотга кўра, судья шу сабабли бир неча камералар қаршисида туриб, якуний қарорни ўқиш жараёнида битта санани нотўғри айтиб қўймаслик учун ўзини шундай тутган.

 

«Аммо Судьялар олий кенгаши кимнингдир гўёки «узун қўллари судьягача етиб борган»ига оид таъна ва иддаоларга ҳуқуқий баҳо беришга эҳтиёж мавжуд, деб ҳисоблайди ҳамда бу борада ваколати доирасида лозим чоралар кўрилади», дейилади баёнотда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//