UzAuto Motors'га нисбатан иш қўзғатилди

Сақлаш
17:43 / 13.09.2024 74 0

«UzAuto Motors» АЖ ва унинг дилерига автомобиль етказиб бериш соҳасидаги қонун бузилиши юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди, дея маълум қилди Рақобат қўмитаси.

 

Хабарда ёзилишича, Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқаро А. Д. ўзига тегишли 2023 йилда «UzAuto Motors» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган «Lacetti L-Stayle MT» русумли автомобиль олинганига 5 ой ҳам бўлмасдан носозлиги туфайли ёниб кетгани, лекин ишлаб чиқарувчи томонидан ушбу ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаётгани юзасидан қўмитага мурожаат қилган.

 

Ушбу мурожаат кўриб чиқилганда ҳолат ўз тасдиғини топган. Бундан ташқари, айнан шу маркали автомобилда ёнғин чиқиши ҳолати Навоий вилоятида ҳам кузатилганлиги аниқланган.

 

Шундан сўнг, Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 14 ва 20-моддалари талаблари бузилиш аломатлари бўйича «UzAuto Motors» АЖ ва «PSM-AVTOSAVDO» МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

 

Натижада, қўмита томонидан, ушбу ҳолат (автомобилда ёнғин чиқиши) инсон ҳаёти ва унинг соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкинлиги ҳолатларини инобатга олган ҳолда, юқорида қайд этилган автомобиль билан бир вақтда ишлаб чиқарилган 37 та айнан шу маркали автомобиллар 10 кунлик муддатда чақиртириб олиниб, техник кўрикдан ўтказиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

 

Шунингдек, мурожаат қилган фуқарога айни шундай маркали янги автомобиль алмаштириб берилган ҳамда истеъмолчи талаб қўйган вақтдан бошлаб ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун автомобиль баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаши тўғрисида қарор қабул қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//