“Ўзбекистон тарихи” журналининг янги сони нашрдан чиқди

Сақлаш
17:42 / 13.09.2024 75 0

“Ўзбекистон тарихи” журналининг 2024 йил 2-сонидан ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихининг муҳим жиҳатларини очиб берувчи мақолалар ўрин олган. Журналнинг “Таҳлил ва талқин” рукнида берилган “Бир белбоғ, бир йўл хитойлик олимлар талқинида” мақоласида лойиҳа йўлида амалга оширилган ишлар, кўзлаган мақсадлар ҳамда у орқали хитой тили ва маданиятини дунё саҳнасига олиб чиқиш сиёсатининг таҳлили билан танишасиз.

 

Ёш тадқиқотчиларнинг минбари – “Илк қадам” рукнида Тарих институти кичик илмий ходими Элёр Хожамбердиевнинг “Туроннинг қадимги ва илк ўрта асрлар тарихининг Эронда ўрганилишига оид” мақоласи эълон қилинган. Унда Турон тарихини тадқиқ этган эронлик олимларнинг илмий фаолияти ва уларнинг кўчманчи орийлар масаласи, туронликлар ва туркийларнинг фарқлилиги, Туроннинг қадимги ва бугунги кундаги сарҳадлари, аталишига муносабатлари билан танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Туркистон тараққийпарварлик ҳаракати етакчиларининг мустамлакачи босқинчиларнинг тилини қабул қилмаслик йўлидаги кураши, фикрлари ва жадидларнинг тил-имло масаласидаги газеталарда чоп этилган мақолалари таҳлилини Дилноза Жамолованинг “Жадидчилик миллий ҳаракати ва тил-имло масаласи” мақоласида ўқишингиз мумкин.

 

Шунингдек, журнал саҳифаларида тарих фанлари доктори Рустам Сулаймонов, тарих фанлари номзоди Феруза Шомукаррамова ва Тарих институти катта илмий ходими, PhD Акмал Муҳаммадиев томонидан олиб борилган “Ерқўрғон ёдгорлиги ибодатхонасидаги қазишмалар тўғрисида”ги янги тадқиқотлар билан ҳам танишасиз.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//