Нима учун боланинг бўйи ўсмай қолади?

Сақлаш
16:48 / 13.09.2024 78 0

Болалик инсоннинг ўсиш жараёни жадаллик билан кечадиган даврдир. Албатта, ҳар бир ота-она учун фарзандининг соғлом улғайиши жуда муҳим. Шунинг учун ҳам улар фарзандининг ҳар бир ривожланиш босқичини диққат билан кузатиб боради. Бироқ баъзи болалар ўз тенгдошларидан бўй жиҳатидан ортда қолади. Бу эса жиддий эътибор талаб қилинадиган жиҳат ҳисобланади.

 

Мутахассиснинг таъкидлашича, боланинг бўйи тенгқурларига нисбатан пастлиги унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиб, ўғил-қизларда сал нарсадан асабийлашиш ва тенгдошлари орасида ўзини нуқсонли деб ҳис қилишига сабаб бўлади.

 

Хўш, нима сабабдан боланинг бўйи ўсмай қолади?

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, болада бўйи ўсмаслигининг сабаб ва омиллари кўп.

 

Биринчи навбатда, ўсишдан тўхташ ирцият билан боғлиқ. Шунингдек, организмдаги айрим гормонларнинг кўп ёки камлиги ҳам бунга таъсир қилади. Яъни, эндокрин тизимдаги бузилишлар бўй ўсишида турли патологияларни келтириб чиқаради.

 

Масалан, ўсиш гормонлари етиладиган гипофиз, қалқонсимон ва буйрак усти безларида ўсиш гормонлари бола ухлаганда ишлаб чиқарилади. Демак, меъёрида ухлаган фарзанд яхши ривожланади. Баъзида буйрак, юрак, ўпка ва ҳазм аъзоларидаги сурункали касалликлар ҳам бўй ўсишини тўхтатиши мумкин.

 

Бундан ташқари, организмда паразитлар бўлса ҳам бу борада муаммолар юзага келади.

 

Яна бир сабаб руҳият билан боғлиқ бўлиб, фарзандга меҳр етишмаслиги унда ўсиш гормонлари ишлаб чиқарилишига салбий таъсир кўрсатади.

 

Шунингдек, онанинг ҳомиладорлик давридаги овқатланиши, бошдан кечирган стресс ва касалликлари ҳам боланинг қандай ривожланиб боришини белгилайди.

 

Хабарда ёзилишича, болада бўйи ўсмаслиги, асосан, 4 ёшдан кейин намоён бўлади. Кўпинча ота-оналар фарзанди мактабга чиққач, тенгқурлари орасида унинг бўйи пастлигини сезиб қолади. Аммо шунда ҳам бунга етарлича эътибор бермайди. Оқибатда, бу ҳолат ўсмирлик даврига келиб янада жиддий муаммога айланиши мумкин.

 

Шу боис ота-оналар фарзандининг бўйи ўсмаётганлигини сезгач, дарҳол шифокор-эндокринологга мурожаат қилиши ва фарзанди тўлақонли текширувлардан ўтиши лозим деб қаралади.

 

Бунда шифокор дастлаб УТТ ҳамда қонда гормонлар нисбатини аниқлайди. Шундан сўнг рентгенография ёрдамида билак суяклари текширилади. Бу усул орқали боланинг суяклари ўсиш ҳудудидами ёки йўқ, шуни билиш мумкин.

 

Зарурат туғилса, бўй ҳамда вазн ўлчами, бош соҳасининг томография текшируви, қўл кафти рентгени, қондаги гормон миқдори, жигар фаолияти, гижжалар текшируви ва генетик хасталикка гумон қилинганида генетик мутахассис томонидан алоҳида қон таҳлили олинади.

 

Кўпчилик ота-оналар ўғил фарзандининг бўйи қизларга қараганда секин ўсаётганидан ташвишга тушади. Бироқ бундан хавотирланмаслик керак. Боиси ўғил болаларда бу ҳолат қизларга нисбатан 2-3 йил кеч кузатилади. Маълум вақтдан сўнг ўғил боланинг бўйи ўсиб кетади.

 

Агар болага бўй ўсмаслик ташхиси қўйилса, гормон терапия муолажаси қўлланилиши мумкин. Бироқ ушбу препаратларни ўз вақтида ва белгиланган тартибда қабул қилиш шарт. Сабаби, билиб-билмай бўй ўстирувчи гормонлардан фойдаланиш организмда жиддий ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли мазкур муолажа фақат мутахассис маслаҳати билан амалга оширилиши зарур.

 

Шунингдек, болаларнинг бўйи нормал ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланишига алоҳида эътибор бериш тавсия этилади.

 

Болани бўйи меъёрида бўлиши учун ота-оналар спорт машқларига ҳам эътибор қаратиши, жумладан, ўғил-қизларини сакраш, турникда осилиш, волейбол ва баскетбол каби спорт турларига жалб қилиши мақсадга мувофиқ.

 

Уйқунинг етарли даражада бўлиши ҳам муҳим саналади.

 

Ота-оналар оилада ўз фарзандлари учун ёқимли муҳит яратиб бериши керак.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//