Собиқ вазир суди ёпиқ тарзда кўриладиган бўлди

Сақлаш
22:24 / 12.09.2024 105 0

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 кишига оид жиноят иши кўриб чиқилаётган судда даъвогарнинг суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш бўйича илтимосномаси қаноатлантирилди. Судья суд мажлисида хизмат доирасида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар айтилишини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келганини билдирган.

 

12-cентабр куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 нафар судланувчи) оид жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

 

Суд мажлиси аввалида раислик қилувчи Сардор Содиқов тарафлардан илтимоснома бор-йўқлигини сўраган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги хизмат кўрсатиш агентлигидан вакил, фуқаровий даъвогарлардан бири Ғофур Маҳкамов томонидан суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш ҳақидаги илтимоснома киритилган.

 

Ишга раислик қилаётган судья Сардор Содиқов суд мажлисининг бошқа иштирокчиларидан бунга муносабатини сўраган. Бир неча адвокатлар, жумладан, Раҳматов, Қиличов, Алимов ва Янгибоев буни қўллаб-қувватламасдан, Жиноят-процессуал кодексида 2 хил ҳолатда давлат сири ва жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларда ёпиқ суд мажлислари бўлишини таъкидлаган. Бошқа адвокатлар эса судга ҳавола қилишини айтган.

 

Айрим судланувчилар ҳам суд мажлиси ёпиқ тарзда кўрилишига қаршилигини маълум қилган.

 

Маслаҳатхонага кирган судья хизмат доирасидан фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар янграшини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келганини маълум қилиб, суд мажлиси ёпиқ тарзда кўрилиши бўйича илтимосномани қаноатлантирган. Раислик қилувчи журналистларга буни тўғри тушунишни сўрагандан сўнг ОАВ вакиллари суд залини тарк этган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//