Шавкат Мирзиёев Россия бош вазири билан учрашди

Сақлаш
19:44 / 10.09.2024 500 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти бугун, 10 сентябрь куни Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

 

Маълумот учун, Россия делегацияси Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилиши доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди.

 

Хабарда келтирилишича, учрашув аввалида Михаил Мишустин Шавкат Мирзиёевга Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.

 

Музокаралар давомида эса Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

 

Шунингдек, Россия Президентининг жорий йил 26–28 май кунлари Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи чоғида қабул қилинган қарор ва келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

 

Бундан ташқари, Қўшма комиссия томонидан куникеча ўтказилган навбатдаги йиғилишнинг самарали натижалари юқори баҳоланган.

 

Хабарда ёзилишича, музокарада товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор соҳаларида ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жадаллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни кўриш зарурлиги таъкидланган.

 

Ўзбекистон Президенти ҳудудлар даражасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, жадал маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, миграция соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканини қайд этган.

 

 

Учрашув давомида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//