Собиқ вазир ўринбосари ва унинг қизи қамалди

Сақлаш
14:35 / 10.09.2024 572 0

Қишлоқ хўжалиги вазири собиқ ўринбосари Алишер Тураев 6 йилга, унинг қизи эса 5 йилга қамалди, деб хабар берди Газета.uz.

 

Маълум бўлишича, суд Тураевни қарийб 10 млрд сўмлик 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш иши бўйича талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айблаб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган. Етказиб берувчи компанияда ишлаган қизи Анаис Тураевага ҳам 5 йил-у 1 ой муддатли қамоқ жазоси тайинланган.

 

2021 йил сентябрь ойида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (буюртмачи) Алишер Тураевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлган эди. Ўша пайтда компания директори Анаис Тураева (ўринбосарнинг қизи) бўлган.

 

Нашрнинг ёзишича, иш материаллари ўрганилганда, Алишер Тураев тендер комиссиясини «ўзига содиқ одамлар»дан (улар алоҳида жиноий ишда кўрсатилган) тузгани, улар комиссия йиғилиши баённомасини имзолагани, лекин аслида у ўтказилмагани маълум бўлган.

 

Ҳужжатда келтирилишича, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган De Nova Agro компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонган (манфаатлар тўқнашувига қарамай). 2021 йил 30 август куни корхона билан in-vitro усулида 1 млн дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик шартнома тузилган.

 

Суд қарорида қайд этилишича, амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган, бироқ маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, «талон-торож қилинган» маблағлар ўтказиб берилган.

 

Эндиликда Тўраев ҳамда унинг қизи, шунингдек, марказ ҳисобчиси ҳам маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш бўйича бошқа расмий ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда. Маълум қилинишича, улар 2023 йилда иссиқхоналардаги 283,4 минг туп кўчатларнинг кўчат экиш вақтида илдизлари шикастлангани, электр таъминотининг мунтазам узилиши, суғориш тизимидаги носозликлар туфайли нобуд бўлгани ҳақидаги бир неча маълумотномаларни қалбакилаштиришган, аммо ўсимликлар нобуд бўлиш тугул, аслида етказиб берилмаган.

 

Судда Алишер Тураев ўз айбига қисман иқрор эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи ва вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинган топшириқлари ижроси бўйича 15-баённоманинг 54-бандида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан марказга 10 млрд сўм пул маблағи беғараз ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу маблағларни 2021 йил якунига қадар in-vitro шароитида узумнинг совуққа чидамли, ҳосилдор, экспортбоп, турли касалликлардан ҳоли уруғсиз навларини яратиш ва кўпайтириш учун 1 млн туп кўчат етиштиришга йўналтириш режалаштирилган эди.

 

Собиқ ўринбосарнинг айтишича, у ўша пайтдаги қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Президент администрацияси вакиллари билан маслаҳатлашиб, агентликка 35 та узум навини (асосан хорижий навлар) жўнатган, шундан 23 таси танлаб олинган.

 

Анаис Тураева ҳам судда ўз айбини тўлиқ инкор этган. Унинг сўзларига кўра, шартномани у эмас, De Nova Agro компанияси директори Стрелковских ва унинг отаси Алишер Тураев имзолаган. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, корхона томонидан марказга 700 минг дона узум кўчати етказилган, яна 76 мингтаси корхонанинг Янгийўл туманидаги иссиқхонасида, қолганлари ишлаб чиқариш жараёнида тўхтатилган.

 

«Судланувчининг айтишича, у корхонани директор сифатида вақтинча бошқарган ва турли ойларда марказга уч партияда 700 минг туп кўчат топширган. У ҳавонинг совуқлиги ва газ етишмаслиги сабабли ўсимликларнинг нобуд бўлишида ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини таъкидлади», деб ёзади Газета.uz.

 

Бош ҳисобчи Мансур Қўзибеков эса Тураевнинг кўрсатмаси билан етказиб берувчининг ҳисоб рақамига маблағ ўтказганини ва бу жараёндан манфаатдор эмаслигини, эвазига ҳеч қандай моддий маблағ олмаганини айтган. Ишдан бўшатилиши мумкинлиги ва оилада ягона боқувчи бўлгани ҳамда кредити борлиги сабабли у раҳбарнинг «ноқонуний буйруғини» бажаришга мажбур бўлган.

Шунингдек, у тендер ҳужжатлари рус тилида бўлгани учун у билан танишмаганини билдирган.

 

Хабарда келтирилишича, суд Алишер Тураевни ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли ресидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топган ва 2 йил муддатга давлат ташкилотида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

 

Мансур Қўзибеков ҳам шу каби моддалар учун 5 йил-у 6 ойга қамалган.

 

Анаис Тураев эса ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига — яъни, 2024 йилнинг июль ойида туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//