«Учинчи шахсларга абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар берилмайди» – Билимни баҳолаш агентлиги

Сақлаш
20:55 / 09.09.2024 761 0

Сўнгги вақтларда кўпчиликка нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан ўқишга таклиф қилиш бўйича турли SMS-хабарлар юборилмоқда.

 

Мазкур ҳолат бўйича Билимни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) расмий баёнот берди.

 

Унга кўра, бу ҳолат нафақат жорий йилда, балки ўтган йилларда ҳам кузатилган. Бундан ташқари, ушбу хабарлар фақат абитуриентларга эмас, барчага, жумладан, агентлик ходимларига ҳам жўнатилган.

 

Баёнотда мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинган:

 

▪️ Агентлик фуқароларнинг розилигисиз учинчи шахсларга улар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмайди (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда ОТМларига талабаликка тавсия этилган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно).

 

▪️ Агентликнинг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги таъминланган бўлиб, уларга ҳеч қандай киберҳужум уюштирилмаган ва учинчи шахслар томонидан абитуриентларнинг маълумотлари қўлга киритилмаган.

 

Хабарга кўра, фуқаролардан фирибгарликнинг янги кўриниши сифатида тарқалаётган бундай ишончсиз манбалардан фойдаланмаслик ва турли манбаларга шахсий маълумотларни киритмаслик сўралмоқда.

 

Агар ҳолат юзасидан шубҳа бўлса, агентлик тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ўтказилишига тайёрлигини билдирган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//