Эртанги ўйин сунъий қопламали майдонда ўтказилади

Сақлаш
20:07 / 09.09.2024 763 0

Хабарингиз бор, эртага, 10 сентябрь куни ЖЧ-2026 3-саралаш босқичи 2-тур доирасидаги баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси Қирғиз Республикасида меҳмон бўлади. Ўйин Тошкент вақти билан 19:00ъда бошланади.

 

Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўйин олдидан баъзи саволларга жавоб берилди.

 

Жумладан, аниқлик киритилишича, бўлажак ўйин сунъий қопламали майдонда ўтказилади.

 

«Мен ҳеч нимани ўзгартира олмайман. Агар ушбу майдонда футбол ўйнашга рухсат берилган бўлса, биз майдонга чиқишга мажбурмиз. Шунчаки кўникиб олишимиз керак. Биз ҳеч нимадан қўрқишимиз керак эмас, биз юқори техникага эга жамоамиз», дея жавоб берган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец.

 

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари Осиё Кубоги олдидан ташкил этилган ўртоқлик ўйинида куч синашган эди ва унда Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонган. Бироқ бу расмий ўйиннинг тақдирини белгилаб беролмаслиги учрашувда таъкидланди.

 

«У учрашув Осиё Кубоги олдидан ташкил этилгани учун икки жамоа ҳам кўпроқ жисмоний ҳолатини яхшилашга ҳаракат қилганди. Декабрь ойидаги баҳс ўртоқлик учрашуви эди, эртага эса бизни расмий ўйин кутиб турибди. Ҳозирги баҳс Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун бўлади. Қирғиз Республикаси терма жамоаси ҳам ўртоқлик ва расмий учрашувларга бошқача тайёргарлик кўриши аниқ», деган Катанец.

 

Эслатма! Қирғизистон терма жамоаси ЖЧ-2026 3-саралаш босқичи 1-тур баҳсида Эронга қарши кураш олиб борган ва 1:0 ҳисобида имкониятни бой берган эди.

 

Таъкидлаш лозим, эртанги баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ кўк либосда, дарвозабон эса яшил либосда ҳаракат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//