Энди мукофотланадиган олимпиадалар сони 28 тага оширилади

Сақлаш
03:18 / 05.09.2024 703 0

Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни мактабгача таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.

 

Тақдимотда мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар кўриб чиқилган.

 

Жумладан, қамровни кенгайтириш мақсадида мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилиши мумкин.

 

Шунингдек, энди барча ўқув-методик материаллар ҳамда дастурлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг веб-сайтида жойлаштирилади. Ундан фойдаланиш эса бепул бўлади.

 

Илғор хорижий тажрибада болаларнинг ақлий ва когнитив салоҳияти, жисмоний, руҳий, ижтимоий ҳолати доимий кузатилиб, тарбияга йўналтирилади. Шундан келиб чиқиб, Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида «Боланинг ривожланиш харитаси»ни юритиш вазифаси қўйилмоқда.

 

Шу билан бирга, боғчалардаги педагоглар малакасини оширишни жадаллаштириш мақсадида малака курслари оралиғида «Методик маҳорат соати» ва «Методик маҳорат куни» тадбирларини ўтказиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, ушбу йўналишдаги олий таълимда дуал таълим шаклини очиш, сиртқи ва кечки ўқувларда мақсадли квоталарни ошириш таклиф этилмоқда.

 

Тақдимотда иқтидорли ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинган.

 

Хусусан, эндиликда уларни пухта тайёрлаб, натижадорликни ошириш учун халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини 5-8-синфлардан бошлаб саралаб олиш йўлга қўйилади.

 

Ҳар бир фан бўйича ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсиялар ва қўлланмалар такомиллаштирилиб, ўқувчи ва мураббийларга етказилади. Терма жамоаларга чет эллик мутахассислар жалб қилинади. Хорижий жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади.

 

Маълумот учун, бугунги кунда 22 та халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Бундан кейин мукофотланадиган олимпиадалар сони ҳам 28 тага ошириладиган бўлди. Республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ҳамда совғалар ҳам даромад солиғидан озод этилади.

 

Давлат раҳбари таклифларни янада синчиклаб ўрганиб, ҳар томонлама такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//