Сардор Мамадалиев жавобгарликка тортилди

Сақлаш
22:31 / 04.09.2024 749 0

«Онамнинг дуоси мени асрайди» қўшиғи учун Сардор Мамадалиев товон пули ва маънавий зарар тўлайдиган бўлди. Бу ҳақида адвокат Беҳзод Ғаниев маълум қилди.

 

У кўрсатган суд ҳужжатига кўра, даъвогар Жўраев Асадулла Жумаевич ўз муаллифлигидаги «Қарғиш» номли шеърни жавобгар Мамадалиев Сардор Маърупович «Ота-онамнинг дуоси» номли қўшиғида фойдаланганини, шунингдек, хонанда концертларда ҳам бу қўшиқни куйлагани ва унга клип ҳам олгани учун товон пули ҳамда маънавий зарар ундиришни сўраб, судга даъво аризаси киритган.

 

Суд ҳужжатларида ёзилишича, «Қарғиш» ижодий асарининг (шеърининг) муаллифи даъвогарнинг ўзи эканини «Шарқ Юлдузи» журналининг 1990 йилдаги 9-сони ва «www.ziyouz.com кутубхонаси» расмий интернет сайти билан исботланиши қайд этган.

 

Шоир суддан қуйидагиларни сўраган:

▪️ маънавий зарар учун – 50 млн сўм;

 

▪️ товон пули учун – 132 млн сўм;

 

▪️ «Ота-она дуоси» қўшиғини ижро этиш ёки куйлашни тақиқлаш;

 

▪️ Ўзбекистон Республикасидаги барча радио ва телевидениеларда «Ота-она дуоси» қўшиғини эфирга узатилишини, намойиш қилинишини, ижро

этилишини тақиқлаш.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2023 йил 15 сентябрдаги ҳал қилув қарорига кўра даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган:

 

Хусусан, суднинг ҳал қилув қарори билан:

▪️ шоир фойдасига хонандадан 66 млн сўм миқдорда товон пули;

 

▪️ 15 млн сўм миқдорда маънавий зарар ундириш;

 

▪️ хонанда қўшиқни қайта ижро этиш, ўзининг ижросини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ҳамда концерт дастурида фойдаланиш учун шоир ва бастакордан рухсат белгиланган.

 

Адвокат Ғаниевнинг ёзишича, суд ҳал қилув қарори юқори инстанцияларда бекор қилинмаган ва бугунги кунда ҳам қонуний кучда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//