Тошкент халқаро аеропортида "Pax Track" тизими ишга туширилди

Сақлаш
21:37 / 01.09.2024 1129 0

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортида "Pax Track" тизими тест режимида ўрнатилиб, ишга туширилди. Бу ҳақда "Oʻzbekiston Airports" АЖ хабер берди. 

 

Тизим қандай ишлайди?

"Pax Тrack" - йўловчиларни комплекс мониторинг қилиш тизимидир.

 

Рўйхатдан ўтиш жойидан кейин ўрнатилган турникетларда йўловчи бортга чиқиш талонини, ходим эса ўз рухсатномасини сканерлаши керак. Чегара назорати ва авиация хавфсизлигига текшириш хизматлари ҳам ушбу тизим билан интеграциялашади. Шундай қилиб, кечикаётган йўловчини бортга чақиришда аеропорт ходимлари тизимдан унинг қайси секторда эканлигини ва рўйхатдан ўтгандан кейин “стерил” зонага кирган-кирмаганлигини билиш имкониятига эга бўлади.

 

Бугунги кунда учиб кетиш залида 40 та рўйхатга олиш пештахтаси мавжуд. Реконструкция ишлари тугаллангач, рўйхатга олиш пештахталари сони 90 та бўлади.

 

Учиб кетиш ҳудудидаги чегара назорати пунктлари сони ҳам 34 тадан 54 тага етказилади. Текширув ҳудуди 15 та йўлакгача кенгайтирилади. Шунингдек, учиб келиш залида 48 йўловчи ўтиш каналига эга янги паспорт назорати зонаси ташкил этилади, багаж олиш камарлари сони 4 тадан 8 тага кўпаяди.

Шунингдек, учиб кетиш ва келиш залларини бирлаштириш орқали кутиб олувчилар учун 4000 кв метрга яқин майдон ажратиш мумкин бўлади.

 

Реконструкция доирасида БҲС ва БРС юкларни ташиш ва назорат қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган. Кетиш ва келиш учун янги ускуналар ва дастурий таъминот ўрнатилади. Тизим багажни парвозлар бўйича автоматик тарзда саралаш, багажни ташишга қабул қилинган пайтдан то бортга ортилган пайтгача кузатиб бориш, энг муҳими, бу вазиятда инсон омилини минималлаштириш имконини беради. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида багаж ёрлиғи рақами орқали юкни кузатиш имконини берувчи мобил илова ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.

 

"Жорий йилнинг сентябр ойида бошланадиган реконструкциянинг якуний босқичида учиб келиш ва учиб кетиш заллари битта терминал мажмуасига бирлаштирилиб, унинг майдони 105 000 кв.м ни ташкил қилади. Бу аеропорт терминалининг ўтказиш қобилиятини соатига 1200 йўловчидан 2400 тагача ошириши кутилмоқда", - дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//