
Жамият
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этган маросимда аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб. элга ош тортилди.
Тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш ҳақида ўтган мулоқот олдидан хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди.
«Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. «Инсон – азиз, хотира – муқаддас» деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой оляпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. «Хотира» китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номини оқладик. Бу нимани англатади? Бу – адолат синмаслигини, ҳақиқат бари-бир тантана қилишини англатади», – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари, шунингдек, жорий йил 19 июль куни қабул қилинган «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарорнинг моҳияти ва мақсади ҳақида гапирди:
«Шу пайтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмаган эди. Ҳолбуки, бу рўйхатдаги ҳар бир рақам ортида инсон тақдири бор. Шаҳид кетган, қатағон қилинган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти – қаҳрамонлик. Шу боис биз қарорда қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш, уларнинг ибратли ҳаётини ўрганиш ва тадқиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Тарихий ҳақиқатни тиклаш мақсадида уларнинг табаррук номларини кўп жилдлик «Қатағон қурбонлари» китобига ҳамда мана шу мажмуада барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига ёзиб қўямиз. Афсуски, чет давлатларда, ҳатто ўзимиздаги архивларда бу масалага оид барча маълумотларни ҳам тўлиқ ўрганганимиз йўқ. Шу сабабли, бу борада илмий экспедициялар ташкил этиш белгиланди. Энди ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаймиз».
Президент 1938 йил 4-16 октябрь кунлари устидан ҳукм ўқилган 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
«Бу сана халқимиз тарихидаги энг қайғули кунлардан биридир. Шунинг учун бу ҳафталикни катта тайёргарлик билан, бирдамликда ўтказишимиз керак», – дея таъкидлади Президент.
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ