«Юртимизда бундай инсонлар қанча кўп бўлса, мен ҳам мукофотлашдан чарчамайман» – Президент

Сақлаш
20:55 / 30.08.2024 1780 0

Бугун, 30 август куни Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Мустақиллик байрами муносабати билан турли соҳалар вакилларига фахрий унвон, орден ва медалларни топширди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати маълум қилди.

 

Давлат раҳбари мукофотларни беришдан олдин барчани, аввало, Мустақиллик байрами билан табриклаган.

 

«Биз нима учун меҳнат қиляпмиз? Халқимиз тинч ва фаровон яшаши учун, фарзандларимизнинг бахту камоли учун. Инсон қадри деган ҳаракатни бошлаганмиз. Бу ҳаракатни, катта-катта мақсадларимизни жойларда ким амалга оширади? Сизларга ўхшаган фидойи, ватанпарвар, кучли инсонлар! Сизлар – қаҳрамонсизлар, ёшларимизга намунасизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман ва халқимиз номидан раҳмат айтаман, – деган Президент йиғилиш қатнашчиларига.

 

Хабарда айтилишича, Президент бунёдкор халқ, бағрикенг миллат сифатида жаҳон майдонига чиқиш, эришилган ютуқлар – буларнинг барчаси ўзбек халқининг ютуғи эканини таъкидлаган.

 

«Меҳнаткаш, фидойи юртдошларимизни мен ўзимнинг энг яқин қадрдонларим, садоқатли сафдошларим деб биламан. Бугун Ватанимизга жонкуяр, ўзини эл-юрт тақдирига дахлдор деб биладиган инсонлар янада кўпроқ керак. Бошқаларни, айниқса, ёшларимизни ортидан эргаштира оладиган, эртанги кунга ишонтирадиган, жамиятни бирлаштирадиган одамлар керак. Чунки эл ишончи, халқ бирлиги ва аҳиллиги кўзлаган марраларимизга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга» – деган Шавкат Мирзиёев.

 

Шунингдек, учрашувда дунёдаги бугунги вазият, унда оқилона йўл топиш машаққати ҳақида ҳам сўз юритилган.

 

Келажакда глобал дунёда Ўзбекистоннинг ўрни қандай бўлиши, киши ўз меҳнати, билими, дунёқараши билан эл-юртга қанчалик наф бера олиши мумкинлиги каби саволлар ҳаммани ўйлантириши кераклиги урғулаган.

 

Президент жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган ватандошларимизни ҳам табриклаган.

 

«Мукофот аслида нима? Мукофот – бу аввало инсон қадрини улуғлаш дегани. Одамнинг меҳнати қадр топса, давлат ва жамият томонидан эътироф этилса, бундан унинг ўзи, оиласи, дўстлари, маҳалла-кўй, қолаверса, эл-юрт ҳам хурсанд бўлади. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу: ҳалол ва самарали ишлаётган одамларни қадрлаш, иззат-икром кўрсатиш», – деган давлат раҳбари.

 

Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилган.

 

 

«Яхши ишлаган одам қадр топади. Бугун ҳалол меҳнат, фидойилик ва ватанпарварлик яна бир марта қадр топаётган кун. Бугунги юксак унвонлар, орден ва медаллар сизларни янги зафарларга чорласин. Юртимизда бундай инсонлар қанча кўп бўлса, мен ҳам мукофотлашдан чарчамайман», – деган Шавкат Мирзиёев тақдирланганларга мукофотларни топшириш жараёнида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//