«Бундай улкан аренада энг кучли ва моҳир атлетлар, зўрларнинг зўри иштирок этади» – Президент

Сақлаш
17:17 / 28.08.2024 492 0

Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бошланди, деб хабар берди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

 

Маълум бўлишича, давлат раҳбари спортчи ўғил-қизларни 33-ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, эришган улкан тарихий ғалабаси билан яна бир бор муборакбод этган.

 

«Дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан 11 минг нафарга яқин энг машҳур спортчилар қатнашган ушбу нуфузли спорт анжумани биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди.

 

Аввало, мазкур Олимпиадада Ўзбекистон биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни, 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этганини таъкидлаш лозим.

 

Айниқса, аёллар кураши, камондан ўқ отиш, сувга сакраш, футбол каби спорт турлари бўйича спортчиларимиз илк бор Олимпия ўйинларида қатнашганини алоҳида эътироф этиш керак», деган Президент.

 

Шунингдек, учрашувда Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдириши урғуланган.

 

«Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди», деган Шавкат Мирзиёев.

 

Учрашувда эришилган мазкур натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқ экани таъкидлаб ўтилган.

 

Тўрт йилда бир марта ўтадиган бундай йирик халқаро мусобақада дунёдаги ҳар бир мамлакатнинг спорт соҳасига бераётган эътибори, миллат ва халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти яққол намоён бўлади.

 

Бундай улкан аренада эса энг кучли ва моҳир атлетлар, зўрларнинг зўри иштирок этади.

 

«Шу маънода, сизлар халқимизнинг чинакам қаҳрамонлари, ботир ўғил-қизлари, Ватанимиз ифтихорларисиз. Барчамиз сизлар билан ғурурланамиз!», деган Президент.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//