Афғонистондан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади

Сақлаш
23:09 / 27.08.2024 669 0

Фото.Kun.uz

 

«Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда афғонистонлик ҳарбийлар томонидан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади. Бу ҳақида Kun.uz АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеникнинг сўзларига таяниб хабар берди.

 

Маълум бўлишича, АҚШ ва Ўзбекистон расмийлари ушбу авиатехникаларнинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришган.

 

«Ҳарбий техникалар Ўзбекистонда бўлади. Ҳа, бу аллақачон расмий», — деган АҚШ элчиси мазкур авиатехника жиҳозлари Ўзбекистонда қоладими, деган саволга жавоб берар экан.

 

Унинг сўзларига кўра, томонлар аллақачон қўшма дастурни амалга оширишни бошлаган.

 

«Ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Афғон армияси ундан фойдаланди, лекин биз ҳамиша хўжайин бўлганмиз», — дея қўшимча қилган Ҳеник.

 

Нашрнинг Афғонистон матбуотига таяниб ёзишича, «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгунга қадар 164 та жанговар самолёт бўлган. Ҳозирда уларнинг сони 81 та. 2021 йилда Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.

 

Хусусан, «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган.

 

«Толибон» ушбу ҳаво кемалари Афғонистон мулки экани ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида бир неча бор баёнот бериб келган бўлсада, Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканини ва уларни қайтариб бўлмаслигини билдирган.

 

Пентагон расмий вакили Жон Кирби ҳам Ўзбекистон авиатехникаларни Афғонистонга қайтармаслигини айтган эди.

 

Эндиликда Афғонистон ислом амирлиги миллий мудофаа вазирлиги Афғонистондан олиб ўтилган самолёт ва вертолётларни Ўзбекистонга топшириш ҳақидаги қароридан норозилигини билдирмоқда.

 

«Афғон вертолётлари ва самолётларининг Ўзбекистондаги тақдирига оид ҳар қандай келишувни қабул қилиб бўлмайди. Миллий мудофаа вазирлиги АҚШ афғон халқининг мол-мулкини ҳадя қилишга ёки мусодара қилишга ҳаққи йўқлигини аниқ таъкидлайди», — дея «Толибон» расмийлари баёнот берди деб ёзди Kun.uz нашри.

 

Таъкидланишича, Афғонистон ҳукумати Ўзбекистонни бу борадаги келишувлардан тийилишга ва ҳамкорлик қилишга чақирган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//