Фарғонада хизмат вазифасини бажараётган ходимга пичоқ билан ҳужум қилишди

Сақлаш
14:36 / 27.08.2024 534 0

Данғара туманида ўз хизмат вазифасини бажараётган ходим фуқаро томонидан пичоқ билан ҳужум қилиниши натижасида вафот этди, деб хабар берди Фарғона вилояти ИИБ.

 

Маълум бўлишича, воқеа кеча, 26 август куни, соат 20:45ларда содир бўлган.

 

Ўша куни Данғара тумани ИИБ профилактика катта инспектори Н.М. ўз ваколати доирасида муқаддам ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми билан судланиб, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган туманнинг Шодлик маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Э.ни яшаш хонадонига бориб, текширган(у соат 18:00дан соат 06:00га қадар яшаш жойини тарк этмаслиги керак бўлган).

 

Бироқ ходим хонадонга келганида фуқаронинг йўқлигини кўрган. Х.Э. шу тариқа жазони ўташ тартибини бузган.

 

Шу вақтда фуқаро Х.Э. маст ҳолда яшаш хонадонига ташқаридан келиб, бақир-чақир қилиб, жанжал кўтарган ва хонадонда бўлган ошхона пичоғини олиб чиқиб, кутилмаганда Н.М.нинг кўкрак қафасига санчиб, унга оғир тан жароҳати етказган. Ўзи эса воқеа жойидан қочиб, яширинган.

 

Профилактика инспектори Н.М. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан шифохонада вафот этган.

 

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Х.Э. қўлга олинган. Унга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//