Бухоролик 16 ёшли ўсмир отасидан ҳимоя қилишни сўраб Болалар омбудсманига мурожаат қилди

Сақлаш
15:41 / 23.08.2024 1199 0

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи, вояга етмаган фуқаро, 2008 йилда туғилган А.Ў. (ўғил бола) отасидан ҳимоя қилишни сўраб Болалар омбудсманига мурожаат қилди.

 

Боланинг сўзларига кўра, оилада фақат онаси доимий ишда ишлайди. Отаси эса расмий иш билан банд эмас, фақат вақти-вақти билан мавсумий ишлаб, топган пулига ҳар куни спиртли ичимлик ичади ва ярим кечаси уйга келиб, жанжал қилади. Оила аъзоларини ҳақоратлаб, сўкади ва уради.

 

Маълум бўлишича, эр хотинини ўлдириш билан қўрқитиб, катта ўғлини уйдан ҳайдаб юборган. А.Ў. онаси маиший зўравонлик туфайли ҳимоя ордери олганлигини, лекин отаси ҳимоя ордери талабларига риоя қилмаётганлигини билдирган. Бола ўзини, онаси ва акасини отасининг руҳий ва жисмоний зўравонлигидан ҳимоя қилишни сўраган.

 

Болалар омбудсманининг Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасига юборган сўрови асосида вояга етмаган А.Ў. нинг оиласи, яшаш шароити ва бугунги кундаги аҳволи ўрганилган.

 

Текширув давомида мурожаатдаги важлар ўз тасдиғини топган.

 

Шундан сўнг, жорий йилнинг 14 август куни А.Ў. нинг онаси Ғ.Д. га отаси Ғ.Н. томонидан зўравонлик ва тазйиқ ўтказилишининг олдини олиш мақсадида берилган ҳимоя ордерининг талабларига риоя этиш назоратга олинган.

 

Жумладан, Ғ.Н. туман суди томонидан МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси 1 қисми бўйича айбдор деб топилган ва унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

 

Бундан ташқари, А.Ў. нинг отаси спиртли ичимликка ружу қўйганлиги юзасидан суд қарорига асосан мажбурий даволанишга жойлаштириш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган.

 

Эндиликда маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққанидан Ғ.Н.ни мажбурий даволанишга жойлаштириш чоралари кўрилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//