Қонунчилик палатаси давлат сири тўғрисидаги янги қонунни қабул қилди

Сақлаш
20:43 / 22.08.2024 1462 0

Қуйи палата 1993 йилда қабул қилинган амалдаги «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонун ўрнига «Давлат сири тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Ҳужжатда билан махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати кенгайтирилмоқда.

 

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 20 август куни бўлиб ўтган мажлисида «Давлат сири тўғрисида»ги қонунни қабул қилди ва Сенатга юборди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетаси хабар берди.

 

Амалдаги «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонун 1993 йилда қабул қилингани боис «бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарур».

 

Кўриб чиқилаётган ҳужжат давлат сирларини сақлаш соҳасидаги ваколатларни белгилайди, махфийлик даражасини, маълумотларни махфийлаштириш ва давлат сирларидан фойдаланишга рухсат бериш муддатини белгилайди.

 

Давлат аҳамиятига молик сирга киритилиши лозим бўлган тўртта тоифадаги маълумотнинг чекланган рўйхати тасдиқланмоқда. Махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати белгиланади. Унга кўра, фавқулодда вазиятлар, жиноятчилик ҳолати, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва бошқа шу каби маълумотлар махфийлаштирилмайди (1993 йилдаги қонунга кўра, ҳозирда фақат фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган маълумотлар махфийлаштирилмайди).

 

Давлат сирларига тегишли маълумотлар рўйхати 2020 йилда қайта кўриб чиқилиши ва кейинчалик махфийликдан чиқарилиши режалаштирилганди. Бу фан ва таълим, IT ва тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган маълумотлардан фойдаланишдаги асоссиз чекловларни бартараф этиш имконини бериши керак бўлган.

 

Бугунги кунда давлат сирлари давлат, ҳарбий ва хизмат сирларига бўлинади.

 

Давлат сирлари — ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар.

 

Ҳарбий сирлар — ошкор этилиши Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар.

 

Хизмат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар.

 

2020 йил охирида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни, шунингдек, уларнинг яқин қариндошларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришни таклиф қилганди. Улар ҳақидаги маълумотларни давлат сирларига тенглаштириш режалаштирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//