Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш муҳокама қилинди

Сақлаш
14:44 / 22.08.2024 546 0

Сенат қўмитаси ЙҲХХънинг янги раҳбари билан соҳадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари бўйича учрашув ўтказди.

 

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги бошлиғи Шерзод Ибрагимов билан учрашувда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирди.

 

Сенатор пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларни асосий муаммолардан бири деб атади. Жорий йилнинг биринчи ярмида ЙТҲларнинг ярмидан кўпи ёки 58,5 фоизи пиёдалар иштирокида содир бўлган.

 

Қутбиддин Бурхонов ЙТХлар вақтида таҳлил қилинмаётгани, аҳоли гавжум жойларда, айниқса, бозорларда пиёдалар ўтиш жойига светофорлар қўйилмаётгани, ҳокимликлар, маҳаллий кенгашлар томонидан зарур чоралар кўрилмаётгани, шу билан бирга, «аҳолининг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиши оқибатида юз бераётгани»ни таъкидлади.

 

Таҳлилларга кўра, пиёдалар иштирокидаги ҳодисаларнинг 20 фоизи пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилмагани оқибатида, 19 фоизи эса «пиёдалар ўтиш жойи мавжуд бўлсада, улар томонидан онгли равишда йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунмасдан йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтишлари оқибатида содир бўлган», деган Бурхонов.

 

Пиёдалар иштирокидаги ҳодисаларнинг 13 фоизи ҳайдовчиларнинг тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойида светофорнинг тақиқловчи ишорасига қарамай ҳаракатланиши, 16 фоизи тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермаслиги оқибатида келиб чиққан.

 

Сенатор ҳайдовчиларнинг тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ҳаракатланишини ҳамда маст ҳолатда автомашина бошқарувига ўтиришини «энг оғир» ва жазоси муқаррар хатти-ҳаракатлардан бўлиши кераклигини таъкидлаган. У мазкур жараёнларга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.

 

Хабарда айтилишича, Сенат қўмитаси ва ЙҲХХ томонидан муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

 

Хусусан, амалдаги қонунчиликка ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлган, бироқ яна ЙТҲни содир этган шахсларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқиш режалаштирилган.

 

Аввалроқ хабар қилинганидек, ўтган йили Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган шахслар қайта рулга ўтириб, 707 та ЙТҲ содир этган. Уларда 212 нафар шахс вафот этган, 546 нафар шахс жароҳатланган.

 

Бунда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар умумий ҳайдовчиларнинг 0,3 фоизини ташкил этади. Аммо улар томонидан содир этилган ЙТҲлар жами юз берган аварияларнинг 11 фоизини ташкил этган.

 

Таклифлар қаторида болалар иштирокида содир бўлаётган ЙТҲларни олдини олиш мақсадида умумтаълим мактабларида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» (Ҳаётий фаолият хавфсизлиги) фанини мажбурий жорий этиш ҳам бор.

 

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан истироҳат боғлари ҳудудларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича барча шароитлар яратилган майдончаларни барпо этиш, бунда болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини амалий ҳамда кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

 

Мактабларда «Йўл ҳаракати қоидаларини» ўргатишга ҳудудлардаги Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, «Автомотоҳаваскорлар» кўнгилли жамияти, «Транскасб» корхоналар уюшмаси автомактаб ўқитувчиларини жалб этиш орқали ўқитишни ва педагогика университетларида Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича педагог кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш режа қилинган.

 

Бундан ташқари, халқаро автомобиль йўллари ёқасида жойлашган 214 та ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари ёқасида жойлашган 1064 та мактаб олдида қоидабузарликларни аниқловчи фото-видео қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган. Худди шу камералар ҳаракат тиғиз бўлган бозорлар, савдо ярмаркалари, истироҳат боғлари атрофида ҳамда пиёдалар ўтиш жойларида ҳам ўрнатилади ва амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилади.

 

Янги қурилаётган ва лойиҳалаштирилаётган автомобиль йўлларида ҳаракат қатнов қисмида кесиб ўтувчи пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этишга йўл қўймаслик, мазкур объектларни йўл ўтказгич, ер ости ёки ер усти пиёдалар ўтиш жойи шаклида ташкил этиш таклиф этилмоқда. Хабарда гап шаҳарлараро ва халқаро йўллар ҳақида кетяптими ёки шаҳар кўчалари ҳақидами, аниқ эмас.

 

Бундан ташқари, Опен буджет дастури асосида автомобиль йўллари ва кўчаларни реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш лойиҳалари «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонун талаблари асосида ЙҲХХ билан мажбурий тартибда келишилади, келишилмаган лойиҳалар асосида амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари қонун талаблари асосида тўхтатилади.

 

Сенат қўмитаси ва ЙҲХХ мавжуд амалиёт ҳамда хорижий тажрибани қиёсий таҳлил қилган ҳолда мамлакатда ҳайдовчилик маданиятини шакллантириш, ҳайдовчи ва пиёдаларда ўзининг ва атрофдагиларнинг хавфсизлиги учун масъулият ҳиссини кучайтиришга қаратилган ягона концепцияни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни таклиф қилмоқда.

 

«Мулоқот сўнггида ЙТҲларни камайтиришга қаратилган тарғибот ишлари кутилган натижаларни бермаётганини инобатга олиб, бутун тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича тегишли ишларни» ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди», — дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//