Озодбек Назарбеков айрим хонандаларнинг тўйга 10 минг доллар эвазига боришига муносабат билдирди

Сақлаш
15:05 / 20.08.2024 536 0

АОКАда Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вазир Озодбек Назарбеков бугунги кунда айрим хонандаларнинг 10 минг доллар эвазига тўйга боришига муносабат билдирди, деб хабар берди Daryo.uz.

 

Нашрнинг ёзишича, Назарбеков тўйга машҳур санъаткорни олиб келиш – орзу-ҳавас. Бу эса пул эвазига бўлади.

 

«Машҳур кийим дўконларидан бирида оддий пайпоқ 200 доллар турибди. Нимага ҳеч ким шикоят қилмайди? Нега ҳеч ким «Мен шу пайпоқни олиб кийгим келяпти, лекин нархига қурбим етмайди», демайди. Тўйимга фалончи келсин, деган нарса орзу-ҳавас. Кечирасизлару, орзу-ҳавас пул эвазига бўлади, ҳамма жойда», деган Маданият вазири.

 

У, шунингдек, санъаткорнинг тўйда қатнашиш ёки қатнашмаслиги ёшларнинг бахтли бўлиш ё бўлмаслигида ҳеч қандай аҳамият ўйнамаслигини таъкидлайди.

 

«Сиз менга «Муниса Ризаева тўйига бормагани учун ёшлар бахтсиз бўлади», деган аргументни келтириб беринг, керак бўлса, мен буни қарор лойиҳасига киритаман. Агар халқимиз шу билан бахтли бўладиган бўлса, бу нарсани бирон қарор лойиҳасига киритамизки, энг машҳур санъаткорлар тўйма-тўй юриб, қўшиқ куйлаб юради, дея Назарбековнинг сўзларини келтиради Daryo.uz нашри.

 

Маълумот ўрнида, ҳозирда Муниса Ризаеванинг Тошкент тўйларидаги «бирров» хизмати нархи 1200 доллар бўлиб, интервьюлардан бирида хонанданинг ўзи бир кунда ўртача 5 та тўйга боришини айтиб ўтган.

 

Олдинроқ Маданият вазири «Овоз» лойиҳаси ва унга сарфланаётган пул муҳокамасига муносабат билдириб, агар маломатлар тугамаса, уйини сотиб бўлса ҳам шу пулни қайтаришини айтган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//