Жамият
2023/2024 йилги олий таълим битирувчиларининг 59 фоизи ёки 126 минг нафари ҳали иш тополмагани аниқланди. Ушбу маълумотни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида тақдим қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, бу йилги битирувчиларнинг умумий сони Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан олиниб, бандликка оид маълумотлар базаси билан солиштирилган.
Ҳисоботга кўра, 2023/2024 йилги олий таълим битирувчиларининг жами сони 214 минг нафар. Шундан 41 фоизи ёки 88 минг нафари ҳозирги кунда корхона ва ташкилотлар томонидан ягона миллий меҳнат тизими орқали меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилинган. Қолган 59 фоизи ёки 126 минг нафар янги кадрлар ишсиз юрибди.
Мусаевнинг айтишича, ишга жойлашмаган ёшларнинг муаммосини ҳал қилиш учун август-центабр ойларида тизим ташкилотлари билан биргаликда чора-тадбирлар кўрилади.
«Бугунги кунда миллий вакансиялар базасида 358 минг бўш иш ўринларидан олий маълумот талаб қилинадиган бўш иш ўринлари 112 мингтани ташкил этмоқда. Ишсиз битирувчиларнинг тамомлаган соҳа-йўналишлари бўйича бўш иш ўринларига мос келишини солиштириб чиқдик, таҳлил қилдик.
[Шунга кўра] 95 минг нафар битирувчиларни 102 мингта бўш иш ўринларига ишга жойлаштириш имконияти борлиги аниқланган. Ҳозирги кунда биз ҳар бир битирувчини туман, шаҳар кесимида ўзи турадиган жойига қараб, август ойида уларни ишга жойлаштириш бўйича номма-ном иш олиб борамиз», – деган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири.
Хабарда ёзилишича, бугунги кунда ягона миллий меҳнат тизими орқали вакансиялар базасида 139 минг корхона ва ташкилотлар 358 мингта бўш иш жойи бўйича маълумот жойлаган. Шундан 81 мингтаси давлат ташкилотлари, қолган 277 мингтаси эса хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Бўш иш ўринларининг соҳалар бўйича тақсимоти:
▪️ хизмат кўрсатиш – 96 мингта;
▪️ таълим – 56 мингта;
▪️ саноат ва ишлаб чиқариш – 57 мингта;
▪️ қишлоқ хўжалиги – 48 мингта;
▪️ соғлиқни сақлаш – 26 мингта;
▪️ қурилиш – 32 мингта;
▪️ молия ва суғурта – 5 мингта;
▪️ алоқа ва ахборот технологиялари – 7 мингта;
▪️маданият ва бошқа соҳалар – 4 мингта.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ