Йўналишларни белгиланган муддатгача танламаган абитуриентлар тақдири нима бўлади?

Сақлаш
20:47 / 02.08.2024 152 0

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузованинг маълум қилишича, йўналишларни белгиланган муддатгача танламаган абитуриентлар олийгоҳларга қабул қилинмайди.

 

Айни кунларда олий таълим муассасаларини танлаш жараёни давом этаётган бўлиб, абитуриентлар my.uzbmb.uz портали орқали 10 августга қадар (шу куни ҳам) олий таълим муассасалари йўналишларини танлашлари талаб этилади.

 

Танлов жараёнида абитуриентлар бештагача олий таълим муассасаси, таълим йўналишлари ва шакллари ҳамда танлов устуворлигини белгилаши лозим.

 

Агар абитуриент устуворлик сифатида «Давлат гранти»ни танласа, у дастлаб давлат гранти учун ажратилган қабул параметрлари доирасида, танлаган таълим йўналишларининг қатъий кетма-кетлиги асосида тўплаган бали бўйича танловда иштирок этади.

 

Абитуриент давлат грантига талабаликка тавсия этилмаган тақдирда, юқоридаги тартиб бўйича тўлов-контракт учун ажратилган қабул параметрлари доирасида танловда қатнашади. Яъни, абитуриентнинг бали аввал давлат гранти бўйича кўриб чиқилади, ҳеч бирига тавсия этилмаган тақдирда, тўлов-контракт бўйича танловда иштирок этади.

 

Шунингдек, абитуриентлар агар мақсадли қабул мавжуд бўлса, унга рози ёки йўқлиги ҳамда таълим шаклларини танлаши лозим. Бунда камида 1 та таълим йўналишини танлаш мажбурий, қолган таълим йўналишларини танлаш эса ихтиёрийдир.

 

Маълумот учун, 10 августга қадар абитуриентлар my.uzbmb.uz порталидаги шахсий кабинетларида киритган танловларини таҳрир қилиши ҳам мумкин.

 

Олдинроқ талабалар турар жойи учун аризаларни қабул қилиш жараёнлари бошлангани хабар қилинган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//