Энди сохта табиблар жавобгарликка тортилиши мумкин

Сақлаш
15:53 / 24.07.2024 158 0

Эндиликда сохта табиблар жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, мазкур масала бўйича қонунчиликка алоҳида жавобгарлик киритиш таклиф этилмоқда.

 

Бунга сохта табибларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хил видеолари сабаб бўлган.

 

«Ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб қолди. Уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам асосан оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз», — дейди Республика халқ табобати илмий-амалий маркази директори Жамшид Мирраҳимов.

 

Таъкидланишича, турли хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий йўл ва уй шароитида халос бўлишни истаган фуқаролар «ғайритабиий қобилиятларга эга»лигини иддао қилаётган бундай кимсаларга мурожаат қилиб, алданиб қолмоқда.

 

Жумладан, яқинда ижтимоий тармоқларда айрим касалликларни даволашда чувалчанг истеъмол қилиш фойдали эканлигини тарғиб қилувчи видеолавҳалар тарқалган бўлиб, унда халқ табобати билан шуғулланиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган «табиб» томонидан одамларни ўз тавсияларига ишонтириш учун тирик ҳолатдаги чувалчангни истеъмол қилиб кўрсатиши акс этган.

 

«Аввало, бундай хатти-ҳаракат санитария ҳолатига зид. Қолаверса, ушбу «даволаш усули» табобатда ҳам, замонавий тиббиётда ҳам асосланмаган.

 

Видеодаги жонзот ер чувалчанги ёки ёмғир чувалчанги деб аталади. У тупроқдаги ҳар хил паразит ва микроэлементлар билан организмга тушгач, турли хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкин», дейилади вазирлик хабарида.

 

Энди мазкур турдаги видеоларни тарқатувчиларга қонунчилик доирасида иш кўриш масаласи ўртага ташланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//