Ўзбекистон Халқаро биология олимпиадасидан четлатилди

Сақлаш
20:03 / 19.07.2024 375 0

Ўзбекистон 2024 йилги Халқаро биология олимпиадасидан четлатилиб, олимпиадада иштирок этган барча ўқувчиларнинг натижалари бекор қилинди. Бу ҳақида Xalqtaliminfo.uz нашри хабар берди.

 

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ИБО'га аъзо давлатлар рўйхатидан ҳам чиқариб юборилган ва бу қарор ИБО бошқарув кенгаши томонидан ҳам қабул қилинган. Бунга эса Ўзбекистон делегациясининг қоидаларга риоя қилинмагани сабаб қилиб келтирилади.

 

 

Ушбу воқеа Ўзбекистоннинг келгусидаги иштирокини ҳам хавф остига қўйиши мумкин.

 

Xalqtaliminfo.uz нашрига интервью берган (исмининг очиқланишини истамаган) мутахассиснинг таъкидлашича, Ўзбекистон делегацияси томонидан қоидаларга зид ҳаракатлар аниқланган, яъни олимпиада жараёнида ўзбекистонлик иштирокчилар томонидан академик ҳалоллик тамойиллари бузилган.

 

Яъни, Халқаро биология олимпиадасининг асосий тили инглиз тили бўлишига қарамай, иштирокчилар топшириқларни ўз она тилида бажариш имконияти яратиб берилган.

 

Аниқлик киритилишича, 2024 йилнинг 7-14 июль кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган олимпиадада бир нафар ўзбекистонлик ўқувчининг таржима қилиш жараёнида тест топшириқларига махсус белгилар қўйилгани маълум бўлган.

 

ИБО бошқарув кенгаши бу қарорни бирданига қабул қилмаган. Боиси, Ўзбекистон делегациясининг 2010 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган Халқаро биология олимпиадасидаги иштирокида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган ва ўшанда ҳам ўқувчиларнинг натижалари бекор қилиб юборилган эди.

 

Айнан бундай ҳолатнинг икки марта қайтарилиши Ўзбекистоннинг ИБO'га аъзо давлатлар рўйхатидан чиқариб юборилишига асосий сабаб бўлган бўлиши мумкин.

 

«Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда ўтказиладиган баъзи олимпиада, танлов ва мусобақаларда ҳам академик ҳалоллик тамойилларининг бузилиши ҳолатлари учраб туради. Бу эса нафақат танловларнинг адолатлилигига, балки таълим тизимининг умумий нуфузига ҳам жиддий зарар етказмоқда.

 

Афсуски, ҳалоллик тамойилларининг бузилиши ўқувчилар орасида меҳнат ва билим орқали эмас, балки алдов ва фирибгарлик орқали муваффақиятга эришиш мумкин деб ўйлашларига сабаб бўлмоқда. Бунинг аянчли оқибатини эса кўриб турибмиз», дейилади хабарда.

 

Ҳозирча ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий баёнот бергани йўқ.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//