«Наманганда топилган қилич ва китобнинг қайси даврга оидлиги илмий асосланмаган – Миллий археология маркази катта илмий ходими

Сақлаш
21:46 / 09.07.2024 325 0

Наманган вилояти ҳокимлигининг берган хабарига кўра, Тўрақўрғон тумани ҳудудидан (Ахсикент) ХИ ва ХИВ асрга оид ноёб қилич, Бақтрия ва Хитой тангалари, Абу Наср Форобий қаламига мансуб нодир китоб топилган.

 

 

Хабарда ёзилишича, топилган қилич ХИ асрга тегишли бўлиб, жангдан чиққан ҳолда сақланган. У қаттиқ пўлатдан ясалган. Шунингдек, яна бир топилма аслаҳа ХИВ асрга оид бўлиб, уни Амир Темурнинг хос аскарлари ишлатган.

 

Oyina.uz мазкур маълумотларга аниқлик киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази катта илмий ходими Кубаев Сурат билан боғланди.

 

Мутахассиснинг таъкидлашича, топилмаларнинг қайси давр билан боғлиқлиги ҳақида ҳали тўлиқ маълумот мавжуд эмас.

 

«Топилмалар қайд этилган жой Темурийлар даврида Ахсикент шаҳри бўлган. Биз уни «Темурийлар Ахсикенти» деб ҳам атаймиз. Чунки у ерда айнан Темурийлар даври қатламлари топилган.

Қилич агар Амир Темур даврига оид бўлса ҳам, орадан 500 йил ўтяпти, қандай қилиб «ҳозир жангдан чиққан қилич» деган хулоса қилиш мумкин. Бу кулгили маълумотлар. Улар бу соҳа вакиллари эмаслиги берган хабарларидан маълум. Мутахассис бунақа маълумот бермайди», дейди у.

 

 

Ҳокимлик берган хабарда тангалар ҳақида ҳам сўз боради. Бунда улар «Бақтрия тангаси» деб аталган ва 475-600 йилларга оидлиги айтилган. Мутахассис бу маълумотга ҳам тўхталиб ўтди:

 

«Ўтган ой топилган тангалар бўйича маълумот олиш учун мени чақиришган эди. Ҳақиқатдан ҳам турли жойлардан келтирилган, турли даврларга оид тангалардан иборат коллекция йиғилган эди. Мен уларнинг қаердан чиққани, қандай топилгани бўйича маълумотга эга эмасман. Буни уларнинг ўзлари ҳам тасдиқлаб бериша олмади. Чунки тангалар бевосита қазиш жараёнида топилмаган. Мен 2020 йилда чиққан топилмаларни тасдиқлайман. Улар ростдан ҳам Темурийлар даврига оид эди».

 

Миллий археология маркази катта илмий ходимининг таъкидлашича, ўша йиллардаги топилмаларнинг аниқ даври ва жойини айтиб бериш мумкин, бироқ қолгани турли жойдан келтирилган.

 

«Бунақа маълумотларни илмий асосда баён қилишимиз учун тасдиқланган манба бўлиши керак. Кўпинча маҳаллий аҳолининг бераётган маълумотлари жуда ишончли бўлмайди. Сабаби, чиққан топилмаларнинг айнан жойини яшириш ҳолатлари кўп кузатилади. Улар бошқа жойлардан топилма топиб келса ҳам, «йўқ, мана шу ердан чиққан» деб туриб олади. Шунинг учун бунақа маълумотларга биз ишонмаймиз. Бевосита ўзимиз тадқиқот олиб бориб, тасдиқлагандан кейин хулоса берамиз», дея тушунтиради мутахассис.

 

Маълум бўлишича, Наманганда топилган қурол-аслаҳа, китоб ҳақида Миллий археология марказидан ҳеч қандай фикр сўралмаган. Топилма чиққан жойга ҳам мутахассислар бормаган, тасдиқламаган. Тадқиқот олиб борилмаган.

 

«Вилоят матбуот хизматидан бундай хабар чиқяпти, (аммо) қайси мутахассиснинг манбасига таяниб бунақа шов-шув кўтараётганига, ким тасдиқлаб берганига тушунмадим. Сабаби, бундай маълумотлар мутахассислар хулосасидан кейин тарқатилади», дейди Миллий археология маркази катта илмий ходими.

 

 

Мутахассис топилган китобларга ҳам тўхталиб ўтди:

 

«Шундай китобларни ҳам йиғдик дейишди. Уйлардан кейинги даврга оид китобларни йиғишган экан. Лекин ўзим айнан қадимий араб тилини ўқий олмаганим учун, у китоблар қайси даврга оидлигини билолмадим. Чунки унинг ўз мутахассиси бор. Шарқшунос олимлар, мутахассислар китобларни кўриб, ўқиб, тасдиқлагандан кейин бунақа жиддий хулосаларни айтиш мумкин . Мен бу китобларни ўрганган олимлар ҳақида эшитмадим, кўрмадим».

 

Маълумот учун, Наманганда топилган китоблар Абу Наср Форобий қаламига мансублиги айтилмоқда. Бироқ бу ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//