«Ойлик базавий меъёр миқдори оширилишига асос йўқ» – Энергетика вазирлиги

Сақлаш
19:26 / 09.07.2024 356 0

Ижтимоий тармоқларда электр энергияси учун белгиланган ойлик базавий меъёрларини ошириш бўйича муҳокамалар кетмоқда.

 

Энергетика вазирлиги мазкур ҳолатга эътибор қаратиб, баёнот берди.

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан амалга оширилган таҳлиллар кўра, 2024 йилда республика аҳолиси томонидан жами 21,2 млрд кВт·соат электр энергияси истеъмол қилиниши режалаштирилган.

 

Маълум бўлишича, агар умумий киловатт абонентлар ўртасида тақсимланса, йил давомида ўртача ойлик истеъмоли 200 кВт·соатдан ошмайдиган истеъмолчилар сони жами абонентларнинг 60 фоизини ташкил этади.

 

Айнан шу статистикага таянилган ҳолда, шунингдек, электр энергияси истеъмоли йил давомида кескин ўзгармаслигини инобатга олиниб, йил давомида бир хил базавий меъёр жорий қилинган.

 

Бунда электр харажатларининг абонент тўлайдиган суммадан кескин фарқ қилиши ҳам ҳисобга олинган.

 

Яъни, ҳозирги вақтда 1 кВт·соат электр энергиясининг таннархи 895 сўмни (ҚҚС билан 1 002 сўмни) ташкил этади.

 

Бунда, давлат бюджетидан 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилган аҳоли учун 447,0 млрд сўм, 201-1 000 кВтгача электр энергияси истеъмоли учун эса 30,2 млрд сўм қоплаб берилмоқда.

 

Таҳлилларга кўра, жорий йил июнь ойида 71 фоиз аҳоли 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилган. Яъни, истеъмолчиларнинг 71 фоизи белгиланган лимит доирасидан чиқмаган.

 

«Шу боис, яқин истиқболда истеъмолчиларга қўлланилаётган ойлик 200 кВт·соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмас», дейилади хабарда.

 

Маълумотда ёзилишича, 22 фоиз истеъмолчи электр энергиясини 201 кВт·соатдан 1000 кВтгача истеъмол қилган ва 900 сўмдан ҳақ тўлаган. Бунда электр энергиясини 201 кВт·соатдан 300 кВтгача ишлатган истеъмолчилар салмоғи 11 фоизни ташкил этган.

 

«300 кВт·соатгача электр энергияси истеъмол қилганлар тўлиқ 900 сўмдан ҳақ тўламайди. Бунда 200 кВт·соатгача 450 сўмдан, қолган 100 кВт·соатга 900 сўмдан тўлайди. Яъни, 300 кВт электр истеъмол қилганларга нисбатан ҳам нархлар кескин ошмаган (базавий меъёрдан ортиқча 100 кВт истеъмол учун 45 000 сўм (100*450) қўшимча тўлаган). Бунда ушбу 900 сўмлик таъриф ҳам электр энергиясининг таннархидан кам», дея изоҳ берилади баёнотда.

 

Шу ҳисобда, қолган 7 фоиз аҳоли 1001 – 10 000 кВт·соат электр энергияси истеъмол қилиб, 1 350 сўмдан тўловларни амалга оширган.

 

Бундай хонадонлар субсидияга муҳтож бўлмаган, бирламчи эҳтиёжлардан ташқари қўшимча қулайликларга эга шахслар, хусусан, электромобиль(лар)и, ҳовлисида бассейн, фонтан, кўплаб ёриткич жиҳозлари ёки қимматбаҳо бошқа электрон маиший қурилмалари мавжуд хонадонлар ҳисобланади.

 

Бунда 1 000 кВт·соат электр энергияси истеъмол қилган 1 та хонадон тежамкор ва энергия самарадорлиги бор 10 та истеъмолчи, 10 000 кВт·соат электр энергияси истеъмол қилган 1 та хонадон эса тежамкор 100 та истеъмолчи истеъмолига тўғри келувчи электр энергиясини истеъмол қилган.

 

Олдинроқ электр энергиясининг ортиқча ҳисобланишига оид хабарларга изоҳ берилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//