Фарзандига шафқатсиз муносабатда бўлган аёл 3 йилга қамалди

Сақлаш
14:33 / 11.06.2024 179 0

Икки йилдан бери 2018 йилда туғилган фарзандини муттасил калтаклаб келган онага 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Хабарга кўра, Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи С.Н. (аёл) бу қилмиши учун олдинроқ ЖКнинг 110-моддаси, «а,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган ва шундан сўнг тергов давомида айбланувчига ЖКнинг 104 -моддаси бўйича қўшимча айб эълон қилиниб, бу жиноят иши судга юборилган.

 

Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди ишни мазмунан кўриб чиқиб, жорий йилнинг 2 май куни чиқарилган суд ҳукмига кўра, С.Н. ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми, «в» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилинган.

 

Маълум бўлишича, бугунги кунда Шофиркон тумани «Инсон» ижтимоий маркази томонидан 2018 йилда туғилган С.Ф. га дастлабки тарзда васий сифатида Б.З. (аёл) тайинланиб, бола унинг қарамоғига топширилган.

 

Ҳозирда васийлик ва ҳомийлик органи томонидан С.Н.нинг фарзандига нисбатан бўлган оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи билан боғлиқ тегишли чоралар кўрилмоқда.

 

«Болалар омбудсмани боланинг келгуси тақдирини белгилаш жараёнлари юзасидан ўз кузатувини давом эттирмоқда», дейилади муносабатда.

 

Олдинроқ боласига раҳм қилмай, аёвсиз калтаклаган она 5 йилга қамалгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//