Жамият
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати Bitcoin, Notcoin ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилишга Ислом дини қандай муносабат билдириши юзасидан маълумот берди.
Маълум бўлишича, динимиз қоидаларига кўра тилла ва кумуш асл пулдир. Қолган кўринишдаги пуллар уларнинг ўринбосарларидир. Улар турли кўринишда, жумладан, электрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар пул деб ҳисобланиши учун бир қанча шартларга жавоб бериши керак. «Рақамли пуллар» ёки «виртуал пуллар» дейилаётган, нақд кўринишда мавжуд бўлмаган криптовалюталар пулнинг қуйидаги талабларига жавоб бера олмайди ва баъзи хатарларга эга.
Жумладан, Фатво ҳайъати бунинг бир қатор жиҳатларини санаб ўтади:
◻️ Криптовалюталарда пул бўлиш талаблари топилмайди;
◻️ Пул чиқариш давлатнинг ҳаққидир;
◻️ Пулни ҳамма қабул қилган, уни ишлатишга ҳамманинг имконияти бўлиши керак;
◻️ Уларнинг натижаси номаълумлиги;
◻️ Қийматининг кескин тушиб-кўтарилиб туриши;
◻️ Криптовалюталар савдосида фирибгарлик эҳтимоли катталиги.
«Шариатга кўра, ўзаро айирбошланаётган нарсалар мол ёки пул бўлишлари шарт бўлиб, криптовалюталарда мол ёки пулда топилиши лозим бўлган юқоридаги шартлар мавжуд эмас. Шунинг учун уларни сотиш ёки сотиб олиш жоиз эмасдир», дейилади ҳайъат маълумотида.
Айнан жоиз эмаслигини асослаш учун расмий идора бир қатор дунё Фатво ҳайъатлари берган хулосаларни келтириб ўтган. Хусусан, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг ижтиҳод ва фатво қўмитасининг фатвосига кўра, «Bitcoin ва бошқа «норасмий» рақамли валюталар билан уларнинг ҳозирги ҳолатида муомала қилиш, уларни айирбошлаш, ишлаб чиқарилиши жоиз эмас».
Миср фатво уйини эса «Bitcoin'да шариат томонидан пулга қўйилган шартлар ва меъёрлар тўлиқ топилмагани, шу билан бирга, бу электрон пул билан муомала қилишда жиддий зарарлар ва кенг кўламли хатарлар келиб чиқиши, чунки у энг оғир шаклларидаги алдамчилик ва зарарни ўз ичига олган»ини таъкидлаган.
Ливия фатво уйининг фатвосида ҳам шундай хулоса қилинган:
«Айни пайтда ушбу рақамли валюталар билан ишлаш одамлар орасида кенг тарқалган эмас ва уларнинг нархини одамлар учун кафолатлайдиган ҳеч қандай расмий доира йўқ. Аксинча, уларнинг нархи улардаги чайқовчиликка боғлиқ. Шунинг учун ушбу электрон пуллар ҳақиқий валюта бўла олмайди. Зеро, уларда судхўрликнинг олдини олиш учун на нарх омили жорий бўла олади ва на закотни қўллаш учун амал қилади. Олди-сотдида улар билан муомала қилишнинг ҳукмига келсак, олди-сотди шартномасининг шаръан дуруст бўлиш шарти шуки, унда ноаниқлик бўлмаслиги лозим. Ушбу электрон пулларда нархнинг катта тебранишлари бу пул бирлиги билан ишлашни қимор ўйинларига ўхшатиб қўяди. Бундан ташқари, банкнотларда бўлгани каби ўз эгаларига унинг қийматини кафолатлайдиган расмий орган ҳам йўқ. Шунга бу валюталар ҳозирги кўринишида бўлса, улар билан муомала қилиш жоиз эмас».
Яқин қардошимиз бўлган Туркияда ҳам Bitcoin шаръан тақиқланади. Туркия дин ишлари бошқармаси «ўз моҳиятида жиддий мавҳумликларни ўз ичига олувчи, алданиш ва алдаш хавфи юқори бўлган, шунинг учун ҳеч қандай кафолатга эга бўлмаган, молиявий пирамида сифатида маълум бўлган ва айрим гуруҳларнинг адолатсиз ва асоссиз бойиб кетишига олиб келадиган криптовалюталардан фойдаланиш жоиз эмас»лигини маълум қилган.
«Хулоса қилиб айтганда криптавалюталар савдоси билан шуғулланиш, уларни пул сифатида ўзаро айрибошлаш ёки улар билан товарларни айрибошлаш шаръан жоизмас.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган рамзий «пул»лар вақт ўтиши билан шариатимиз манбаларига мувофиқ товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкин. Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мўмин мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир», дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати фатвосида.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ