7 минг йиллик тарихни ўзида жамлаган музей-қўриқхонанинг чегаралари қайта белгилангани айтилди

Сақлаш
16:13 / 17.05.2024 1816 0

Навоий вилоятида жойлашган «Сармишсой» давлат музей-қўриқхонаси 7 минг йиллик тарихни ўзида жамлаган маскан ҳисобланади.

 

У Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 майдаги «Сармишсой», «Шаҳрисабз», «Термиз» ва «Қўқон» давлат музей-қўриқхоналари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган.

 

Навоий вилояти Навбаҳор туман ҳокимининг 2009 йил 14 июлдаги тегишли қарори биноан туман кадастри томонидан 5000 га майдон музей-қўриқхона учун алоҳида белгилаб берилган.

 

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2019 йилда «Сармишсой» давлат музей-қўриқхона ҳудудидан қимматбаҳо металларни ажратиб олишда олтин изловчиларга ер ажратиб берилган ва қазишма ишлари олиб борилган.

 

Орадан 2 йил ўтиб, яъни 2021 йил 3 мартда қабул қилинган қарорнинг 11-иловасига асосан ушбу музей-қўриқхонасининг қўриқланадиган теграларининг чегаралари қайта белгиланган.

 

Маълумот учун, «Сармишсой» қояларига битилган тасвирлари билан ном чиқарган. Тахминларга кўра, у ерда ўн мингдан ортиқ ноёб қоятош битиклари бор.

 

«Сармишсой»да тош даври макон ва манзилгоҳлари, қадимги мозор ва суғориш тармоқларининг қолдиқлари, устахоналар, шахта ва кўҳна қишлоқ харобалари ҳам сақланиб қолган бўлсада, уларнинг аксарияти ҳанузгача тадқиқ қилинмаган.

 

Маълум бўлишича, бугунги кунда ушбу музей-қўриқхона ҳудуди аянчли ҳолатда.

 

Айнан қимматбаҳо металл учун ҳудуддан ерларнинг бўлиб берилиши музей-қўриқхонани ёмон аҳволга олиб келган.

 

Миллий тикланиш демократик партияси хабарига кўра, тадбиркорлар ўз ишларини ниҳоясига етказганидан кейин сойларни асл ҳолатига қайтариш, қазилган чуқурликларни тўлдиришлари керак эди. Яъни, тадбиркорлар давлат билан шундай келишувда бўлган. Аммо бу ишлар умуман бажарилмаган. Сойлар 30-50 метр чуқурликда ковланиши натижасида шағал-тош ва қум уюмлари пайдо бўлган. Бунинг таъсирида булоқ ва ер ости сувлари йўқолиб бормоқда. Бу нафақат жонзотларга, ўсимлик дунёсига ҳам жиддий зарар етказмоқда.

 

Мазкур хабарга муносабат билдирган Маданий мерос агентлиги қўриқхона ҳудуди қайта белгилангани билан кифояланган.

 

«Ҳозирги вақтда «Сармишсой» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудидан олтин қазиб олиш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга ер майдонларини ажратиб бериш ҳолатлари мавжуд эмас», дейилади агентлик хабарида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//