Ходим тушлик вақтида ҳам ишлаб, уйга 1 соат вақтли кетса бўладими?

Сақлаш
23:20 / 14.05.2024 736 0

Меҳнат кодексининг 204-моддасига кўра, иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан икки соат ва камида ўттиз дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки меҳнат шартномасида, агар ходим учун белгиланган кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тўрт соатдан ошмаса, унга мазкур танаффус берилмаслиги назарда тутилиши мумкин.

 

Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

 

Ходимлар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланади. Бу вақтда улар иш жойидан чиқиб кетиши мумкин.

 

Саволга қайтиладиган бўлса, жавоб – йўқ.

 

Чунки мазкур 204-моддада ёзилишича, ходимга камида ярим соат танаффус берилиши керак. Агар ходимга танаффусни бермасдан, иш берувчи уни кун бўйи ишлатиб, «майли бир соат олдин кетавер» деса, меҳнат қонунчилиги бузилади. Яъни, 204-модданинг талаби қондирилмайди.

 

Шунингдек, янги Меҳнат кодексига асосан, берилган танаффус иш вақтига киритилмайди.

 

Масалан, ходим 8 соатлик иш режимида ишласа ва 1 соат танаффус олса, ўша бир соат унинг иш вақтига ҳисобланмайди. Шу ҳисобда, ходим 8 соатдан кейин эмас, 9 соатдан кейин уйига кетади.

 

Агар ходимга ярим соат танаффус берилса ҳам, у белгиланган иш вақтидан олдин кета олмайди.

 

Бунинг аниқ тартиб-қоидалари ички меҳнат тартиб-қоидаларида, меҳнат шартномасида кўрсатиб ўтилган бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//