Жамият
6 май куни «Юксалиш» ҳаракати томонидан Гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган навбатдаги жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.
Унда мазкур муаммонинг кечаги ва бугунги кўриниши мутахассислар томонидан таҳлил қилинди.
Статистик маълумотларга кўра, наркотик моддалар билан жиноят содир этишлар сони 2023 йилда аввалги йилга нисбатан 15,3 %га ошган. Яъни 10 мингдан ортиқ жиноят аниқланган. Бу эса Ўзбекистон учун охирги йиллардаги рекорд кўрсаткичдир. Сўнгги беш йилда 17 тоннадан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинган.
«Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларининг янги хуружлари пайдо бўлмоқда. Унинг тарқалишида Интернет тармоқларидан кенг фойдаланилмоқда. Наркотикка тобелик, наркожиноятлар тенденцияси ҳам ўзгариб боряпти. Анъанавий гиёҳвандлик моддаларидан кўра, синтетик ва кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмоли ортган», – дея статистик далилларни келтирган Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бўлим мудири Шуҳратжон Ғуломов.
Ички ишлар вазирлиги мутахассиси Қобил Зоҳидовнинг таъкидлашича, синтетик дори воситаларининг асосий қисми 2023 йилга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида аниқланган. Ўтган йили эса дорилар Андижон, Сурхондарё ва Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятларига ҳам кириб борган.
Дориларнинг кириб келиши бўйича Божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходими Бахтиёр Иргашев ҳам ўз маълумотлари билан бўлишган. Унинг айтишича, наркосавдогарлар наркотикларни мамлакат ҳудудига олиб киришнинг янги усулларидан фойдаланмоқда.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази наркологи Муқаддас Рустамова эса гиёҳвандлик ирсий мойиллик, шунингдек, ижтимоий муҳит каби омиллар туфайли юзага келиши мумкинлигини айтган. Шу билан бирга, оилада қўйилган пойдевор ва қадриятлар муҳим аҳамиятга эгалигини урғулаган. Мутахассиснинг фикрича, боланинг ижтимоийлашувини эътиборсиз қолдирмаслик керак.
«Ҳозирда ахборот технологиялари фаол ривожланмоқда, болалар, ўсмирларнинг турли ўйинларга иштиёқи катта. Ўйин марказларида уларга «шу дорини ичсанг, хотирангни кучайтиради, ўйинда ютасан» деган алдовлар билан наркотиклар берилаётган ҳолатлар бор. Баъзи ота-оналар боласининг қаерда, нима қилаётганини ва дорига «ўтириб қолганини» билмайди. Шунинг учун оилада соғлом муҳитни шакллантириш керак», – деган у.
«Регнум Реҳаб» реабилитация маркази раҳбари Ғайрат Намозовнинг қайд этишича, афсуски, гиёҳвандлик «ёшариб» боряпти. Марказга аввал 18 ёшдан ошганлар мурожаат қилган бўлса, яқинда ҳатто 12 ёшли бола олиб келинган.
«Муаммони яшириш катта хато, биз бошқалар нима дейишидан қўрқамиз ёки гиёҳванднинг иродасига таянамиз. Бироқ бундай ҳолларда қариндошлар фақат вақтни беҳуда сарфлашади», — дея таъкидлаган Намозов.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда гиёҳвандлик ҳолати бўйича кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилмаяпти. Гиёҳванднинг психологик портретини яратиш қийин. Ҳозирда синтетик дориларни қабул қилаётганини биттада англаб бўлмайди. Тобеликнинг белгилари, «ломка» ҳолатлари сезилмайди. Энг ачинарлиси, уларда психоз уйғоняпти, яъни руҳий ҳолати ёмонлашмоқда. Қолаверса, дориларни қабул қилувчиларнинг ўзи қарамликни дарҳол тан олмайди.
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ