Маънавият соҳасида Янги Ўзбекистон жамияти ахлоқ кодекси ва концепциясини ишлаб чиқиш зарур – профессор Қиём Назаров

Сақлаш
14:47 / 29.03.2024 1530 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан «Замонавий тарғибот технологиялари ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассислар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, докторантлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

 

Мазкур илмий-амалий анжуман Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини ўрганиш, ижтимоий тармоқларнинг ёшлар маънавий-ахлоқий қарашларига таъсири, маънавий тарбиянинг самарали ва таъсирчан усуллари, муаммо ва ечимлари каби муаммолар муҳокамасига бағишланди. Конференцияда маънавият соҳасидаги тадқиқотлар мониторинги ва оптималлаштиришнинг бугунги кундаги аҳамияти миллий ва маънавий муҳит билан боғланган тарзда муҳокама этилди. Конференция шўбалари ушбу илмий муаммоларга алоқадор тўрт йўналишда танланган.

 

Отабек Ҳасанов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари:

 

– Глобаллашув жараёнида ахборотнинг оқими кўп, тарқалиши тезкор. Бугун уни тўхтатиб, чегара қўйиб бўлмаслигини англадик. Лекин бу информацион маконга қандай қилиб маърифатни, ватанпарварликни олиб кириш, ёшларда қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш мумкин?

 

Бу каби саволларга бугун фақат қуруқ гаплар билан эмас, илмий асослар билан жавоб топиш мумкин. Шу маънода конференция олдимизга қўйган саволларимизга жавоб топишда амалий аҳамият касб этади.

 

Қиём Назаров, фалсафа фанлари доктори, профессор:

 

– Маънавият соҳасида қонун ижодкорлигини йўлга қўйиш муҳим вазифалардан биридир. Ушбу соҳани илмий жиҳатдан ўрганиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Айтайлик, маданият соҳасида қонун бор, концепция бор, Ишчи дастур бор. Аммо маънавият соҳасида бундай ҳужжатлар мавжуд эмас. Олдимизда турган вазифалардан бири, маънавият соҳасида Янги Ўзбекистон жамияти ахлоқ кодекси ва концепциясини ишлаб чиқиш, умумреспублика илмий-тадқиқот дастурини яратишдан иборат.

 

Муҳаммаджон Қуронов, педагогика фанлари доктори, профессор:

 

– Тарғиботни самараси кўриб, тинглаб, тушуниб кетишда эмас, инсонларнинг хулқида намоён бўлиши керак. Маънавият соҳасидаги тадқиқотлар мониторинги ва оптималлаштириш бўйича тажриба алмашинувлар, назарий хулосалар билан амалиётни уйғунлаштириш бўйича таклифлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Анжуманнинг мунозаралар қисми қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Олий таълим муассасаларининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари, бўлим бошлиқлари ҳам ўз мулоҳаза ва таклифларини билдириб ўтди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//