Агар ойлик кечиктириладиган бўлса, ходимга ҳар кечиккан кун учун фоиз тўланади

Сақлаш
14:03 / 28.03.2024 1180 0

Бандлик вазирлигининг хабарига кўра, Меҳнат кодексининг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузса қандай чора қўлланиши лозимлигини эслатиб ўтди.

 

Жумладан, мазкур моддага биноан, агар иш берувчи томон ҳақиқатдан ҳам юқоридаги каби ҳолатни содир этса, бериладиган ҳақдан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда, фоизлар (пулли компенсация) ҳам тўлаши шарт.

 

Бунда фоиз тўлов муддатидан кейинги кундан бошлаб ҳисоблаб борилади.

 

Масалан, маош тўлаш санаси ҳар ойнинг 2 куни этиб белгиланган бўлса ва маош ойнинг 10-санасида тўланса, унда иш берувчи ҳар бир кечиккан кун учун компенсация тўлайди. Мазкур мисол билан тушунтирганда, 3-санадан то 10-санагача бўлган ҳар бир кун учун фоиз тўланади. Шу ҳисобда, иш берувчи ҳақ тўлаш тартибини бузгани учун ходимнинг ойлигига қўшиб яна «жарима пули» ҳам тўлайди.

 

Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.

 

Ходимга тўланадиган пулли компенсациянинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин.

 

Бандлик вазирлигининг ёзишича, мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.

 

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкаси 2023 йил 17 мартдан ҳозирги кунга қадар 14 фоиз бўлиб, яъни иш ҳақи кечиктирилган кун учун пуллик компенсация миқдори 1,4 фоизни ташкил этади.

 

Масалан, ходимнинг иш ҳақи, таътил тўловлари, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловлар ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар – жами миқдори 5 млн. сўм. Ушбу суммани 1,4 фоизи 70 минг сўм бўлади.

 

Иш берувчи 10 кунга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш муддатини кечиктирса, шу кунлар учун жами 700 минг сўм пулли компенсация тўлайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси