Энди автомобиллар рангли ёрлиқлар билан ажратилади

Сақлаш
17:17 / 06.03.2024 2148 0

Президент халқ тилида “Файзобод ГАИ” номи билан танилган Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимига борганидан хабарингиз бор.

 

Шу ва шунга ўхшаш марказларда автомобиллар учун рақам ва “техпаспорт” берилиши маълум, бироқ эндиликда уларнинг вазифасига яна бир тартиб ҳам қўшилди. Айнан Президент ташрифи жараёнида шу ҳақида сўз борди.

 

Хабарда айтилишича, энди бундай марказларда автомобилдан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва Экологик текширув натижасидан келиб чиққан ҳолда RFID чип ўрнатилган рангли ёрлиқлар (стикерлар) автоулов олд ойнасига ёпиштирилади.

 

Бунда 3 хил ранг бўлади:

🔴 қизил – жуда ёмон;

🟡 сариқ – ўртача;

🟢 яшил – экологик тоза.

 

Маълум бўлишича, жорий экологик вазиятдан келиб чиқиб, келгусида шаҳар ҳудуди бир нечта экологик зоналарга ажратилади. Ҳозирда транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра, яъни стикер рангига қараб, айрим экологик зоналарга киришни босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда.

 

Бунда белгиланган транспорт воситалари (ёрлиқ ёпиштирилган) айрим экологик зоналарга киролмайди. Яъни, агар автомобилга “қизил” ёрлиқ ёпиштирилган бўлса, у ҳавога чиқараётган зарарли моддалари юқори деб баҳоланади ва (белгиланадиган) экологик зоналарга киритилмайди.

 

Агар ҳайдовчи тартибга амал қилмаса ва қоидани бузса, жаримага тортилади ва тушган пул ўша ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашга сарфланади. Ушбу жараён автоматлаштирилган камералар орқали назорат қилинади.

 

Маълумот учун, келгусида республика бўйлаб 84 та рўйхатга олиш-диагностика марказларини ҳамда ЙҲХХнинг 216 та ҳудудий туман бўлинмаларини машиналарни экологик диагностика қиладиган замонавий ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//