Озарбойжонда «Девону луғотит-турк» асари нашр қилинди

Сақлаш
16:03 / 05.03.2024 884 0

Маҳмуд Кошғарий қаламига мансуб “Девону луғатит-турк” асари Озарбойжон Миллий Фанлар Академияси(АМEА) Президиуми қарори билан Тилшунослик институтида 3 жилдда нашрга тайёрланмоқда.

 

Айни кунда туркий тилда сўзлашувчи халқлар учун қимматли бўлган асарнинг 1-жилди нашрдан чиққан.

 

Насимий номидаги Тилшунослик институти директори, профессор Нодир Маммадли раҳбарлигида чоп этилган китобга Озарбойжон Миллий Фанлар Академияси президенти, академик Исо Ҳабиббайли «Сўзбоши» ёзган.

 

Китоб тузувчиси профессор Нодир Маммадлининг ўзи бўлиб, илмий муҳаррир профессор Усмон Мерт ҳисобланади.

 

Асарни илк бор арабчадан озарбойжон тилига ўгирган таржимон Холид Саид Хўжаевдир. Олим ўтган асрнинг 30 йилларида СССР Фанлар академияси Озарбойжон бўлимида ишлаган.

 

Бироқ Холид Саид 1937 йилда китобни таржима қилганликда айбланиб, «аксилинқилобий-пантуркистик ташкилот аъзоси, шунингдек, Туркия фойдасига разведка ишларини олиб борган шахс» деган тамға билан отиб ташлашга ҳукм қилинади.

 

Маълумот учун, Холид Саид Хўжаев Тошкент вилоятининг Қўшқўрғон қишлоғида туғилган. Дастлабки таълимни она қишлоғида олади. Кейин Тошкентдаги мадрасалардан бирида ўқийди. 1918 йилда Нурий пошо бошчилигидаги ҳарбийлар билан Озарбойжонга келган Холид Саид Ганжадаги гимназияда дарс бера бошлайди. Кейинчалик у, яъни 1920-1921 йиллар ўқитувчилик фаолиятини Тошкентда давом эттиради. Холид Саид ҳаёти ва ижоди ҳақида тўлиқ мақола ушбу манзил орқали ўқишингиз мумкин.

 

Айблов жараёнида Хавфсизлик хизмати ходимлари унинг уйини тинтув қилади, аммо девон топилмайди. Шундан сўнг «таржима асар йўқолган» деган тахмин илгари сурилади.

 

Лекин асар йўқолмаган. Орадан 86 йил ўтиб – 2023 йилда профессор Нодир Маммадли мазкур таржимани институт архивидан топиб олади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси