Нодавлат ОТМларнинг лицензияси нега бекор қилингани очиқланди

Сақлаш
22:49 / 20.02.2024 969 0

Маълум бўлишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йил 16-31 май кунлари республикамиздаги 71 та нодавлат олий таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилган. Натижада, олий таълим хизматларини лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этилишида бир нечта нодавлат олийгоҳлар томонидан йўл қўйилган қатор қоидабузарликлар аниқланган. Бу ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.

 

Шундай нодавлат ОТМлардан бири Наманган вилоятидаги «NAMXU OTM» МЧЖ нодавлат олий таълим ташкилоти – Наманган халқаро университети бўлиб, ташкилот талабаларни ўқишга қабул қилиш муддатларига риоя этмаган ҳамда вазирликнинг HEMIS ахборот тизимига маълумотлар киритмаган. Шунингдек, ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибига амал қилинмаган. Таълим йўналишлари бўйича эса адабиётлар етишмаслиги аниқланган. Гарчи лицензия талаби бўйича бакалавриат таълим йўналишлари учун 35 % илмий салоҳият бўлиши белгиланганига қарамай, мазкур нодавлат олий таълим ташкилотида бу кўрсатгич 17 % ни ташкил этган. Бундан ташқари, олий таълим ташкилотининг ҳудуди ичимлик суви ва канализация билан таъминланмагани, аксарият ўқув аудиториялари, компьютер хонаси ва кутубхона талабга жавоб бермаслиги қайд этилган. Талабаларни турар жойлар билан таъминлаш ҳолати ҳам қониқарсиз деб топилган.

 

«Valley innovative university» нодавлат олий таълим муассасаси ҳам текшириш жараёнида бир қатор лицензия талаб ва шартларига жавоб бермаган.

 

Хусусан, университет лицензияда кўрсатилган фаолият манзилида эмас, балки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ва ваколатли орган томонидан олий таълим тури бўйича хизмат кўрсатиш учун хулоса берилмаган манзилда фаолият юритиб келган. Муассиснинг банкдаги ҳисоб варағида мавжуд бўлиши лозим бўлган маблағ тўғрисида маълумот тақдим этилмаган. Таълим жараёнини қонунчилик ҳужжатлари бўйича амалга ошириш юзасидан университетнинг ички тартиб-қоидалари ҳамда ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ишлаб чиқилмаган. Университетда таҳсил берувчи профессор-ўқитувчилар тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаган ва тақдим этилмаган. Илмий даражага ва унвонга эга бўлган ўқитувчиларнинг минимал талаблари ҳам бажарилмаган. Компьютер техникаси билан жиҳозланган электрон кутубхона мавжуд бўлмаган ҳамда ўқув адабиётлари (дарсликлар, ўқув қўлланмалари) билан таъминланмаган. Адабиётларнинг электрон вариантлари умуман етишмаслиги аниқланган.

 

Шу ўринда расмий ўз нутқида лицензияси бекор қилинган нодавлат олийгоҳ талабаларини бошқа таълим даргоҳларига кўчириш вазирлик зиммасида эканлигини эслатиб ўтади.

 

«Ва яна бир муҳим жиҳат – лицензияси бекор қилинган олий таълим муассасаларининг талабаларини бошқа олий таълим ташкилотига кўчириш учун масъулият Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги зиммасида бўлиб, талабалар ўзлари истаган олий таълим ташкилотига тегишли тартибда кўчирилади. Бирорта талабанинг масаласи эътиборсиз қолдирилмайди. Хусусан, Наманган халқаро университетининг HEMIS ахборот тизимига киритилган 5876 нафар талабасидан ўқишга кўчириш бўйича ариза олиш жараёни 16 февралдан бошланди. 19 февраль ҳолатига 5148 нафар талабадан аризалар олинди», – дейди Назокат Абдуқундузова АОКАда ўтказилган брифингда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//