Президентнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасидаги биринчи манзили «Асака текстиль» кластерининг тўқимачилик корхонаси бўлди

Сақлаш
20:44 / 15.02.2024 1699 0

 

Бу улкан мажмуа иқтисодий контрастнинг ёрқин мисоли. 2016 йилгача бу ер ташландиқ жой бўлган. Кейинчалик бу ерда босқичма-босқич янги бинолар қурилиб, 2022 йил августда ишга туширилди. Бугунги кунда 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ «занжир» ташкил этилган.

 

 

Корхонага Швейцария, Италия, Туркия, Германия, Япониядан ускуналар келтириб ўрнатилган. У йилига 11 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна момиқ ва трикотаж мато, 12 минг тонна ип ва матони бўяш, 6 минг тонна тайёр трикотаж ва сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 3 минг 200 киши ишлайди.

 

 

Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Бўёқ цехидан чиққан сувни тозалаш иншооти ҳам ишга туширилган.

 

Умуман, кластер томонидан 102 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Бундан 7 йил олдинги ҳолат билан солиштирганда даромад, иқтисодий манфаатдорликдаги фарқ ер билан осмонча.

 

Келгуси йилларда кластер томонидан Улуғнор туманида 70 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш заводи, тикув-трикотаж ва пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиниши режалаштирилган. Уларда яна 1 минг 600 дан зиёд иш ўрни очилади.

 

Шу ерда Андижон вилояти мисолида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш концепцияси бўйича ахборот берилди.

 

Давлатимиз раҳбари кластер билан фермерлар ўртасидаги муносабатларда манфаатдорликни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

 

 

Шунингдек, корхонада ишлаётган тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг айримлари ўз туманида юқори маошли иш пайдо бўлгани учун меҳнат муҳожирлигидан қайтиб келган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//