Депутат паспортни йўқотганлик учун жавобгарлик кучайтирилаётганига эътироз билдирди

Сақлаш
17:33 / 30.01.2024 727 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси энг кўп мунозараларга сабаб бўлди.

 

Мазкур ўзгартиришларга кўра, фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатни йўқотиб қўйса ёки яроқсизлантирса, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима қўллаш белгиланмоқда.

 

Ташаббускорларнинг фикрича, маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи бир қатор жарималар мақбуллаштирилмоқда, яъни либераллаштирилмоқда.

 

«Тўғри, бир қарашда шундай туюлиши мумкин. Бироқ лойиҳани синчиклаб кўриш жараёнида айрим нормалар бўйича эътирозлар келиб чиқмоқда. Масалан, ушбу қонун лойиҳасида маъмурий жавобгарлик чоралари аслида амалдагидан кўра оғирлаштирилаётгани яққол сезилиб турибди. 223-модда икки қисмга ажратиляпти. Биринчи қисмда паспортни муддати ўтгани ёки маълумотлари ўзгаргани сабабли алмаштириш масаласида БҲМнинг бир баравари миқдоридаги жарима кўзда тутилмоқда. Амалдаги тартибда 0,5 дан 3 бараваригача эди. Модданинг 2-қисмида паспортни йўқотиб қўйса ёки қасддан шикаст етказса, БҲМнинг 2 баравари дейиляпти. Амалда эса бу ҳолатда ҳам 0,5-3 бараваргача эди.

Амалиётдаги ҳолатлар таҳлил қилинганда, бу турдаги жавобгарликлар учун асосан БҲМнинг 0,5 миқдорида жарима қўлланилган. Энди эса ярим оклад бўлиб турган жарима 4 бараварга ошириляпти. Бу нотўғри. Ўйлашимча, амалдаги БҲМнинг 0,5 баравари ҳолатида қолдириш, агар такрорланса, миқдорини ошириш лозим», - деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўктам Исломов.

 

Маълум бўлишича, муҳокамалар давомида депутатлар лойиҳада паспортни қасддан яроқсизлантирганлик учун жавобгарлик белгилангани, лекин қасддан эмас, эҳтиётсизлик оқибатидаги ҳолатда фуқарога қандай жавобгарлик кўзда тутилгани билан қизиққан, лекин қонун ташаббускорларидан асосли жавоб бўлмаган.

 

Якунда эса қонун лойиҳасида қасддан ва эҳтиётсизлик туфайли деган нормаларни лойиҳада алоҳида-алоҳида қилиш таклиф этилган.

 

«Яна бир муҳим масала. Қонун лойиҳасида ИД-карта эгаси уни йўқотганда ёки эҳтиётсизлик туфайли яроқсиз ҳолга келганда икки баравар жарима тўлаш белгиланяпти. Нега энди ИД-картани расмийлаштириб олишда тўлов тўлаган фуқаро ўз мулкини йўқотганда ҳам жарима тўлаши керак? Бу жазо керакми? Лекин қонун ташаббускорлари жим. Шахсан мен маъмурий жазони олиб ташлаш тарафдориман.

Қонун лойиҳаси кейинги ўқишларда қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслигини эса вақт кўрсатади», - дейди депутат ўз муносабати якунида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//