Жамият
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 1 ноябрь куни истеъдодли шоир Абдумажид Азимнинг турли йилларда ёзилган шеърлари ҳамда таржималари жамланган “Қиём палласи”, “Мангу йўловчи”, “Ўзбекларим” ва “Қора қуёш” деб номланган тўрт жилдлик китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда атоқли шоир ва ёзувчилар, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда бир гуруҳ талабалар иштирок этди.
Сурхон заминида туғилиб ўсган шоир бу йил қутлуғ 65 ёшни қаршилаяпти. Абдумажид Азим ўзининг шеърий китоблари, жаҳон адабиётидан таржималари ҳамда қатор публицистик мақолалари билан миллий адабиётимизга салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлардан бири ҳисобланади.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Абдумажид Азимнинг ўзбек адабиётидек улкан майдонда ўз сўзини айта олган ижодкорлигини эътироф этди. “Сиртдан вазмин ва босиқ феълли шоирнинг ички туғёнлари шиддатли, туйғулари тиниқ ва равон, у баралла куйлайди”, деди у.
Таниқли олим ва адиб Олим Тошбоев шоир шеърларини атрофлича таҳлил қилиб бераркан, ижодкор тафаккурининг нақадар теран ва ранг-баранглиги, у кўплаб тарихий мавзуларда ҳам зукколик билан ижод қилганига мисоллар келтириб ўтиши анжуман қатнашчиларини ҳаяжонга солиб қўйди. У ўз сўзида: “Сокин дарёдек бағри кенг ижодкорнинг қалбидан вулқондек отилиб чиққан эзгулик туйғулари, ҳар бир қалбга ошна ички кечинмалари китобда ўз аксини топган. Бу асл шеърият ўзбек адабиётига катта бир улуш бўлиб қўшилиши шубҳасиз”, дея алоҳида урғу берди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, истеъдодли шоир Рустам Мусурмон, адабиётшунос олимлар Баҳодир Каримов, Олим Тўлабоевлар тақдимоти бўлаётган тўрт жилдлик китобларга кирган шеърлар таҳлилига тўхталиб ўтарканлар, улардан келтирилган мисоллар талаба ёшларни бефарқ қолдирмади.
Тадбир ниҳоясида Абдумажид Азим ўз шеърларидан намуналар ўқиб берди. Салмоқли умрини ижодга бағишлаган шоирнинг дард-у изтироблари, орзу-умидлари, донишмандона ҳикматлари мужассам бўлган ҳар битта шеърни анжуман иштирокчилари ўзгача бир кайфиятда масрур бўлиб тинглашди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ