Иброҳим Ҳаққул ҳақиқатлари, сотувга қўйилган Япония ва тилинган ўзбек тили ҳақида «Тафаккур» журналининг янги сонида ўқинг

Сақлаш
15:42 / 25.10.2023 1047 0

«Ўзлик ижтимоий категория экан, у бевосита шу маконнинг тарихий тажрибасига таяниши керак. Жамиятимизда эса ҳалигача «европалашиш», «туркийлашиш», «миллийлашиш», «исломлашиш» қутблари ўзаро ихтилофда. Демак, муаммо аниқ, энди унга оқилона ечим топмоқ лозим». «Тафаккур» журналининг 2023 йил 3-сонида Бахтиёр Алимжоновнинг «Ўзанини излаётган ўзлик» мақоласини ўқинг.

 

«Қўмита»ни – «кўмита», «боғча»ни «богча» (ёки ундан ҳам ёмони – «садик»), «хўжа»ни «ходжа», «ҳаж»ни «хадж» дейдиганлар шундоқ ҳам кўпайиб бормоқда. Агар цингармонизмни инкор қилиб юраверсак, зиёлиларимиз орасида «қи»лаб, «ғи»лаб, «жи»лаб, «нг»лаб гапирадиган; «ни» билан «нинг»нинг фарқига борадиган одамнинг ўзи қолмайди» – Муртазо Қаршибойнинг «Тилим-тилим тилинган тилим» мақоласида миллатнинг тили ва тақдири ҳақидаги хавотирлар, мулоҳазалар билан танишасиз.

 

«Инсон ихтиёрсиз равишда теварак-атрофида учрайдиган турли ҳодисаларнинг сабабларини излайди, ўзи дуч келган муаммоли вазиятларни, оқибатларни таҳлил қилади, баҳолайди ва шунга таяниб тўғри қарор қабул қилишга интилади. Моҳиятни билиш муаммоларни ҳал қилиш калити саналади» – Бахтиёр Менглиев «Жаноби моҳият» мақоласида ўқувчини фан, санъат ва адабиётдаги моҳият тушунчаларини англашга ундайди.

 

Атоқли адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул ҳаётида бош ҳақиқатлар бор: Ватан, Тарих, Тил, Халқ, Эрк, Ишқ... Буларнинг ҳар бири қисматни ҳал этадиган тушунчалардир. Адабиёт – диёнатли юрак иши. Адабиётсиз яшашни кўзлаш – миллат қисмати, маърифат, маънавият, руҳоният борасидаги фикрларнинг бари омонат ва кераксиз деганидир. Таниқли адабиётшуноснинг ҳаёт ҳақиқатларини журналнинг янги сонида ўқинг.

 

«Яқинда режиссор Акбар Бектурдиев суратга олган «Ўзбек қизи» деган бадиий фильмни кўрдим. Томошабоб кино. Янгича образлар, ўзига хос топилмалар бор. Лекин воқеликка ёндашув ҳамон эскича. Ноҳақликлардан тўйган Жамила урушга боради, малъун душманларни аёвсиз қийратиб қаҳрамонлик кўрсатади... Нариги томоннинг аҳволи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ахир уруш жаҳон чемпионати ёки олимпиада ўйинлари эмаски, аскар рақибини мағлуб қилгани учун медаль тақиб қайтса! «Уруш қаҳрамони» ўзи сингари одамларни ўлдиргани учун кўксига нишон тақади. Назаримда, бу қаҳрамонлик эмас. Глобал дунёда уруш ва инсон муносабатларига бундай қараб бўлмайди». «Жавондаги жавоҳир» рукнида адабиётшунос Сафарали Қурбон «Айбномами ёки афвнома?» мақоласида ўзи севиб ўқиган асарлар ҳақида мулоҳаза қилади.

 

Шунингдек, журнал саҳифаларида Виктор Алимасовнинг «Илмий инқилоб дарғаси» мақоласи, Сакё Коматсунинг «Япония сотувга қўйилади»  ҳикояси, санъатшунос Алексей Улко билан «Басират кўзи очилса» суҳбати эълон қилинган. 

 

«Тафаккур» журналининг 2023 йил 3-сони электрон шаклини ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//