Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда

Сақлаш
16:06 / 25.09.2023 1153 0

Жорий йил 22 cентябр куни Бельгиянинг Брюгге шаҳридаги Европа коллежида Марказий Осиё давлатлари элчилари Европанинг етакчи дипломатия академияси ректори, Европа Иттифоқининг 2014-2019 йиллардаги ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича собиқ олий вакили Федерика Могерини ҳамда Дипломатия академияси тингловчилари билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Федерика Могеринининг қайд этилишича, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда муҳим босқичлар кечди, энди улар сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.

“Икки томонлама алоқалар тобора кенгайиб бормоқда, давлат раҳбарларининг кўп томонлама учрашувлари бўлиб ўтмоқда, келгуси йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё–Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи савдо ва иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва атроф-муҳит, ислоҳотларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва яхши бошқарувни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик соҳаларида бир-бирлари учун қимматли шериклардир”, деди у.

Европа комиссияси 2024 йил бошида Брюсселда бўлиб ўтадиган инвестиция форумига ҳозирлик кўраётгани ва барқарор транспорт коммуникацияларини, хусусан, Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган ва минтақа мамлакатларига ташқи бозорларга қўшимча кириш имконини берувчи Транс-Каспий йўлагини ривожлантириш учун молиялаштиришга эътибор қаратилиши, шунингдек, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//